Эй гулим, қай куни борурман гулшану гулзорингга?
Гул узиб, бўлсам мушарраф давлати дийдорингга.
Термулиб булбул каби, ҳуснинг тамошо айласам,
Зард баргидек титрасам сурх олмадек рухсорингга.
Ҳар киши кўрса кўзи қошингни ҳайрон бўлгуси,
Жон фидо айлар яна ноз уйқуда хумморингга.
Назри даргоҳингда бошин қўйди бу Завқий қулинг,
Бу мувашшахни кўруб, «Балли!» дегайму корингга.
***
Скобелев рафиқасига нимадан сўз очишни билмай анча вақт ўтириб қолди. Ичини куйдираётган нарса босилмас эди, икки рюмка ароқ ичди, тамаки тутатди, барибир хотиржамлик йўқолгани сезилиб турарди.
– Нега бунчалик ҳомушсан? – деди Елена эрига зимдан тикилиб.
– Гаплашиб олишимиз керак.
– Нималар ҳақида? Сен билан гаплашишни жуда соғинганман.
– Қулоғим сенда, – деди Елена кўзини сузиб.
– Қобилнинг ўрнига бошқа хизматкор топдим, уни алмаштирамиз, – деди у қовоғини солиб.
– Нега? – деди Елена асабийлашганини зўрға жиловлаб.
– У менга ёқмайди.
– Менга эса жуда ёқади.
– Нима учун жуда ёқади? – деди Скобелев хотинига ғазаб билан тикилиб.
– У жуда яхши одам, ақлли, ювош…
– Бўлди, тўхтат, – деди уни илкис бўлиб. – Бугундан бошлаб у бу ердан йўқолади.
– Ундай қилма Михаил, у яхши одам.
– Нега сен унга бефарқ эмассан? Севиб қолганинг йўқми?
– Нимага ишора қилаётганингни энди фаҳмладим.
– Мен уни ўлдириб юбораман, ўлигини ҳам топиша олмайди.
– Бундай қила кўрма, бунга йўл қўймайман.
– Қандай қилиб?
– Агар уни ўлдирсанг қасос оламан.
– Ҳали шунақами?
– Ҳа, шунақа, сени заҳарлаб ўлдираман.
– Кучинг етармикин, ўзингни ҳам қўшиб йўқ қилсам нима бўлади?
– Бунинг иложи йўқ, сенинг шафқатсизлигинг ҳақида подшо ҳазратларига хат жўнатганман. Мени ҳимоясига олишни ваъда қилган.
– Гап бу ёқда эканда.
– Одам ўлдиравериб шафқатсиз бўлиб кетгансан, сени кўрсам юрагимга муз киргандек бўлади. У эса жуда гўзал одам, мени уни аллақачон севиб қолганман.
Кутилмаган томондан келган бу омадсизлик Скобелевнинг ичини газандадек чақа бошлади. Иложсиз дард, даволаб бўлмайдиган офат. Вақти келиб бу воқеа одамлар ўртасида тарқалади. Кимсан генерал-губернатор, тарихий шахс Скобелев ҳақида кулгили латифалар тўқилади.
– Қириб ташлаш керак бу чопон кийган халқни, – деди у ичида.
Бу воқеа аллақачон халқ ичида латифа ва афсоналарга айланиб кетган эди.
Стаканда чой ичган лўм-лўм Мамажон, деган илмоқли гап шундан келиб чиққан.
***
Фақат бир кишига, бир кишининг иродасига тобе бўлган мамлакат асло фаровонликка эришган эмас.
Ҳар бир давр кишилари келажак учун масъул эканликларини билмай яшашлари жиноятдир.
Ҳукмроннинг энг бахтлиси инсоният фарзанди бўлган, ўз миллатининг фарзандидир.
Исёнчиларнинг ташкилотчилари катта лавозимларни эгаллаб оладилар, ижрочилари эса аста-секин йўқ қилинади, ҳар доим шундай бўлиб келган. Ёқутдек товланиб ҳар қандай кишини маст қиладиган тахт деб аталадиган сеҳрли ўриндиқ Насриддинбекка мунтазир, асрлар давомида зиддиятлар сабабчиси бўлиб, отани ўғилга, акани укага душман қилган ёғоч курси унинг рўпарасида, ун чиқармай минглаб одамларнинг жонини оладиган, калла суякларидан минора ясаб, ариқлардан қон оқизадиган тилсим кутмоқда, тўполон қилмай бутун бошли мамлакатлар бошига кулфат соладиган касофат, ҳеч кимга ҳеч қачон вафо қилмай, шуҳратпарастлик касали билан ақлни оладиган кулфатлар маскани унинг ихтиёрида. Ҳеч ким унинг қучоғида қанча фурсат ўтиришини билмайди, шодлик билан қарши олиб, қайғу билан сийлаб кузатади.
Бир вақтлар Насриддинбекнинг кўзи отаси ўтирадиган бу тахтга тушганда ҳавас билан суқланиб қолар, унинг соҳиби бўлиб, ўша ерда ўтиришни кўз олдига келтириб ҳузур қилиб жилмаяр, дабдабали хон сифатида юриш-туришларини ўйлаб, барчага фармон берадиган олий мартабага эришишга ошиқар эди.
Қувончлардан кўзи порлаб турган Насриддинбек бу курсининг чириб қолганини, яқин ўртада мутлоқ ўлимга маҳкум бўлишини билолмай, кўролмай шод эди. Беҳисоб асабийлашишлар, қанча-қанча уйқусиз тунлар ва яна шунча хатарли кунлар ҳисобига қўлга киритган бу дастгоҳ жилва билан қиё боқаётгандек, гўзал чиройини кўз-кўз қилиб унга тикилиб турарди.
Мана энди ўлим чангалидан аранг қочиб қутилган отасининг ўрнига у ўтиради. Парвардигор барчани бахтли бўлиш имконияти билан яратган. Афсуски, кўпчилик бахт қидириб бахтсизлик томон одимлайверади, хоннинг авлодлари, Насриддинбек ҳам ўзлари билмаган ҳолда шиддат билан инқироз томон югуришар, бахт қидириб бахтсизлик, кўргилик сари интилишар эди. Ҳеч қачон ҳеч кимга вафо қилмаган ҳукмронликни талашишар эди.
Читать дальше
Конец ознакомительного отрывка
Купить книгу