– Ҳа улар ўйнаб-кулиб қувонаверишсин, карнай чалиб, ош еб, тўй қилиб яйрашсин.
– Уларнинг бу одатларини рағбатлантириш лозим, таомларини мақташ керак.
– Менимча бу ўлканинг одамлари ҳали-бери миллат бўла олишмайди, оломонлигича қолаверади.
– Шунинг учун ҳам уларни жазолаб туриш лозим.
– Жазолашнинг энг маъқул усули уларнинг ақлини ўғирлашдан иборат. Ақлсиз кишиларни тобе қилиш жуда қулай. Хурофотга берилиш, кўр-кўрона ибодат қилиш, илмсизлик, эскириб яроқсиз бўлиб қолган урф-одатларга берилиш халқнинг тафаккурини чеклаб қўяди, бизга шулар керак.
– Улар жуда исёнкор.
– Биз уларнинг ҳокимларини бефаросат одамлардан тайинласак исёнларнинг зарари бўлмайди, аксинча фойдали бўлади.
– Яъни?
– Улар ўзларининг беклари-ю ҳокимларига қарши исён кўтаришади, биз эса қўзғолонни ўз фойдамизга ҳал қиламиз, хоҳлаган вақтда қўзғаб, хоҳлаган вақтда бостиришимиз мумкин.
– Менинг таажжубим шундаки, бу халқ бизларга тобе бўлганидан қайғурмайди, изтироб ҳам чекмайди.
– Бу айни муддао, улар жуда ўйинқароқ, тўю-томошаларни севишади, карнай-сурнайларини чалиб юраверишсин. Фаолиятли яшашни билмасинлар, аҳилликка, фидоийликка ўрганмасалар бўлгани.
– Ҳаром билан ҳалолни яхши фарқлайдиган бу қурғур халқ, ўғирлик қилишни билмайди, аёлларга ҳам муносабати бошқача.
Скобелевнинг қиёфаси ўзгариб, алланечук бўлиб кетди. Рангининг таги оқариб, ичи жизиллай бошлади, лекин сир бой бермаслик учун индамади.
– Мана шу сифатларни бузишимиз лозим, уларни ҳаромхўрликка ўргатиш биз учун жуда фойдали. Улар ўйлаб-нетиб ўтирмай бир-бирларига заҳмат етказишларини, иккиланмай ғажишишларини ўргатиш лозим. Бу миллатнинг сифатларини, хоҳиш-истакларини ўргандим, ҳукмронлигимизга унчалик хавф соладиган томонлари кўринмайди, аҳолининг аксарият кўпчилиги олибсотарлик, баққолчиликни хуш кўради. Озгина маблағи бўлса чойхона ёки ошхона қуриб оладида паловхўрлик қилади, тўйиб ухлайди, тўй-ю томошаларга боради, ўйин-кулги билан вақтини ўтказади холос.
– Фикрингизга мутлақ қўшиламан, – деди Скобелев мамнун эканлигини яширмай, – одамларнинг яна бир қисми маҳалла масжидида кун кўради, кечгача чойхонада ўтириб умри ўтади.
– Бундай фаолиятсизлик айни муддао, бизлар қандай бўлмасин уларнинг ичида хушомадгўйлик, худбинлик ва товламачилик каби иллатларни ривожлантирмоғимиз даркор.
– Кўкнорихўрлик ва бангиликни ҳам.
– Қилич ва милтиқ охирги чора бўлмоғи керак, биз шундай қилайликки улар йўлларини топа олмай қолсинлар, бир неча асрларга тараққиётдан орқада қолган анқовларга айлантирайлик.
Скобелев энг фаол босқинчиларнинг бошлиғи бўлибгина қолмай, ерли халқдан ўч олиш нияти кучли эди. Чунки гўзал рафиқаси маҳаллий ердан бўлган уйидаги хизматкор йигитга кўнгил қўйган. Уни бу йўлдан қайтара олмай ҳалак эди. Ана шу сабабларга кўра қирғин қилиш, ўч олиш тарафдори эди.
– Ўта машаққатли ҳаёт уларни қўзғолон қилишга мажбур қилади, – деди у бўлиниб қолган суҳбатни тиклаб.
– Оддий халқ ҳар доим машаққатли яшаган, ҳозир ҳам шундай исёнлар ҳам ҳар доим бўлган, ҳозир ҳам бўлмоқда.
– Келажакда ҳам шундай бўлиб қолади демоқчисиз-да.
– Худди шундай, қайсики ҳукмрон халқ учун қайишса ўзи учун беҳисоб ташвишлар орттиради. Ўта фидоийлик қилса ўтиб бўлмас тўсиққа учраб, охир-оқибатда ҳалок бўлади. Жуда кўплаб фидоийлар муаммолар уммонида чўкиб йўқолганлар.
– Мен яна бир ҳолатдан кўп маротаба таажжубга тушдим. Уларнинг раҳбарлари халқнинг хизматини қилиш лозимлигини хаёлларига ҳам келтирмайдилар, фақат хўжайинлик қилиш, дўқ-пўписа, жазолаш каби усулни қўллайдилар холос.
– Бунинг сабаби шундаки улар ўз кўргиликлари учун ҳақиқий айбдорлар ким эканлигини билмайдилар, чинакам айбдор чеккада қолиб бир-бирларини савалайверадилар.
Фон Кауфман суҳбатдан мамнун эканлигини таъкидлаш учун бошини бироз эгиб, олдидаги чойга қўл узатди.
– Келажакдаги энг муҳим ишимизни тўғри таъкидладингиз, биз уларнинг ақлини ўғирлашимиз лозим, аста-секин улар ўз қадриятларини, маданиятларини унутиб боришлари керак, сайқал топган гўзалликлардан юз ўгириб ахлоқсиз-одобсиз, ўз нафсини тия олмайдиган очофат кишиларга айланишини ташкил қилишимиз лозим. Маънавиятни мутлақо унутишга даъват қилиш керак. Маънавият бузилган ердан маърифат ҳам қочади, булар йўқолган ерда ваҳшийлик бошланади. Ваҳшийлик ҳукмрон бўлган ерда тараққиёт чекинади, тараққий қилмаган кишиларни қулликда ушлаш, асоратга солиш жуда қулай.
Читать дальше
Конец ознакомительного отрывка
Купить книгу