Кўп манбаларда Қўқоннинг охирги хони Худоёрхон деб юритилади. Аслида ундан кейин икки кишига тахт соҳиби бўлиш насиб қилиб, улар сохта Пўлотхон ва Худоёрхоннинг тўнғич ўғли Насриддинхондир. 1875 йилда хонлик гаштини тузукроқ суришга улгурмаган Насриддинбек Пўлатхон бошчилигидаги исёнчилардан қочиб тахтни бўшатиб беради.
***
Барчага маълумки, инглизлар билан Россиянинг яширин кучлари Ўрта Осиёни забт қилиш учун ўзаро узоқ йиллар қаттиқ яширин кураш олиб бордилар. Бу курашда русларнинг қатъийлиги қўл келди. Турк султонлари, Англия элчилари Ўрта Осиёдаги уччала хонликни рус ҳужуми хавфидан кўп марта огоҳ қилади. Ана шундай ҳолатларда ҳам мамлакат учун қайғурмаган хонлар мана энди руслар эгаллаб бўлган бўлса ҳам тахт учун курашишдан қайтмас эдилар.
Халқ қудратли бўлишга сабаб у бардошли, андишали, мулоҳазали, кечиримли ва мўъжизакордир. Шундай фазилатларга эга бўлган бечора халқ ҳар доим ҳар қандай кўргиликларга чидаган, кечирган, барча сурбетлик ва пасткашликларга бардош берган.
Шунчалик кўргиликлар етмаганидек, тўполонлардан фойдаланган муқобил кучлар насли насаби йўқ, бетайин Абдулмўмин Муҳсинбойнинг ўғли носфуруш мулла Исҳоқ деган кимсани хон деб эълон қилдилар. Бухорода истиқомат қилаётган хон авлоди Пўлотхон ўрнига Исҳоқ носфурушни Пўлотхон деб тахтга ўтказдилар. Ёқа ушлайдиган ҳангомалардан одамлар бехабар эдилар. Мусулмонқул Мулла Исҳоқни олиб Чустга етиб келади, қипчоқлар билан иттифоқ тузган қирғизлар сохта Пўлотхонни хурсандчилик билан кутиб олдилар, ҳеч нарсадан шубҳаланмай, тантанали равишда оқ наматда кўтариб хон деб эълон қилдилар. Қўзғолон янги куч олиб янада ривожланди, ўзаро бирлашган қирғиз ва қипчоқлар катта кучга айланиб Ўзган, Учқўрғон, Ўш, Сўзоқ ва Булоқбошини эгалладилар, ҳатто Қўқон сарбозлари ҳам қўзғолончилар томонига ўтиб кетди. Жиддий қаршиликка учрамаган қўзғолончилар кундан-кун ҳаддиларидан ошиб кўз кўриб қулоқ эшитмаган безориликларга қўл уришар, шаҳар, қишлоқларни вайрон қилиб ўт қўйишар, тартибсизликлар оммавий тус олиб борарди. Куни кеча зах ерда ўтириб носвой сотиб тирикчилик қилиб юрган оми одамни бугун юз минглаб одамларнинг тақдирини ҳал қиладиган катта лавозимга ўтириши, қулоқ эшитиб, кўз кўрмаган воқеа эди. Пўлотхон саноқли кунлар ичида худди олам уммонида сузаётган катта кеманинг дарғасига айланган, бош қўмондонга хос дадиллик билан жангга кирар, оёғи етиб борган жойда аёвсиз қирғинлар қилар, беайб кишиларни қатл қилдиришни хуш кўрар, айниқса хон авлодларидан ҳеч кимни аямас, аёлми, гўдакми раҳм қилмай сўйдирар эди. Унинг қилган шафқатсизликлари кишиларнинг дилига титроқ соларди. Кундан кун ёвузлиги ошиб халқ бошига кетма-кет қилган фалокатлари таърифга сиғмас, энди одамлар уни Заххоки Соний ёки жаллодлар жаллоди деб атардилар. Тасодифий парвоз тез қулайди деганларидек, халқнинг ғазабига ва нафратига учраган сохта Пўлотхон озгина фурсат ичида қулади. Ёрмозор деган жойда уни дорга осдилар. У ўлими олдидан ўзининг нақадар пасткаш ва қўрқоқ эканлигини кўрсатиб кетди. Ўша даврда ёзилган Ховоий-Умидийнинг ушбу сатрлари Пўлотхонни нақадар қаҳрли, нақадар разиллигидан дарак беради.
Пўлат қотил – лақаб Заххоки Соний,
Етуб авлоди хонга кўп зиёни.
Сўюб хонзодаву бекзодаларни,
Гўдаклик боғида озодаларни.
Қизил гул ғунчасидек икки гўдак,
Булар хонзода – эмар эди эмчак.
Тортиб саккиз ўғулдан икки ўғул,
Эдилар норасида сўзи булбул.
Она қўйнидин олиб икки нафар,
Амирни қўйди бўйни узра ханжар.
Яна хонзода Насриддин бегимни,
Сайид Фатхиддин ном ул етимни.
Тортибон кесди ханжар бирла бошин,
Онасини оқизиб кўзда ёшин.
Сайид Султон Муродбекни тутиб ҳам,
Қўшуб саккиз сағир ўғлига ул дам.
Шаҳодатга етурди раҳм қилмай
Гуноҳсизларни сўйиб олди молин,
Кўтариб кетди бўйнига уволин.
***
Тирикчилик ҳақида қайғуришимиз, ҳаёт эканлигимизнинг яшашга бўлган истакларимизнинг исботи, келажак учун қайғурсак донолигимизнинг исботи, инсоният бахти учун қайғурсак буюклигимизнинг исботи.
Амир Умархон асос солган маърифат чуқур илдиз отиб ҳосил бера бошлаган. Қўқон шоирлар, санъаткорлар, олимлар шаҳрига айланган, кейинги чоғларда халқ ичидан етишиб чиқаётган истеъдод эгалари ўша пайтларда бошланган саъй-ҳаркатларнинг гўзал натижалари эди. Тарих учун лаҳзадек ҳисобланган бир аср давомида Қўқонда 196 нафар шоирлар етишиб чиқди, уларнинг ичида адабиётимизни жаҳон саҳнасига олиб чиққан сўз усталари бор. Халқнинг меҳрига кириб достонга айланган гўзал кишилар бор эди. Ана шундай шаҳри азимда, ана шундай гўзал кишилар етиштириб чиқарган заминда, гўзал одамлар даврасида, ноқулай замонда бир неча шоирликка ҳавасманд йигитлар улғаймоқда эди. Уларнинг сафида Убайдулло ҳам бор. Ўз тенгқурлари ичида энг зерзавқ бўлган, тинимсиз шеър ёзишда машқ қилаётган Убайдуллога – Завқий деган тахаллус беришган, у энди шоир деб аталар эди.
Читать дальше
Конец ознакомительного отрывка
Купить книгу