Бу оиладаги ва жамиятдаги сиёсат қанчалик ўхшаш ҳолат эканига бир мисол. Аслида ҳаётимизнинг ҳар бир даражасида биз сиёсат билан яшаймиз. Кундалик юриш-туришимиз, одамлар билан муомаламиз, орзу-интилишларимиз ҳаммаси ижтимоий тартибга амал қилади. Бунга қисман маданият, анъаналар, ижтимоий андазалар ва, албатта, давлатнинг сиёсати (у қабул қилган қонунлар) ўз таъсирини ўтказади.
Бизнинг туғилишимиз сиёсат: чақалоқ туғилганда маълум маросимлар қилинишини ижтимоий тартиб тақозо этади. Улғайишимиз сиёсат: ота-она ва жамият онгимизга ижтимоий тартибга хизмат қилувчи дастурларни ёзиб боради. Таълим олишимиз – катта сиёсат: айнан таълим бизга ижтимоий тартиб ҳақида энг кенг билимларни беради. Сиз мактабда фақат ёзиш ва ўқишни ўрганмайсиз – сиз мактабда жамият аъзоси бўлиш, ижтимоий тартибга амал қилишни ўрганасиз. Бизнинг турмуш қуришимиз, фарзандли бўлишимиз, ишга киришимиз – ҳаммаси сиёсат. Бунда ижтимоий тартибга амал қилмасдан иложимиз йўқ. Бизнинг бу дунёни тарк этишимиз – сиёсат: ижтимоий тартиб белгилаган усулда ерга кўмильишимиз керак.
Баъзи одамлар ўзини сиёсатдан йироқ деб билади. Албатта, улар бунда давлатнинг олиб бораётган сиёсатини назарда тутади. Лекин сиёсатдан йироқ бўлиб бўлмайди. Сиёсат сизнинг ҳар бир нафасингизда бор – токи сизда ақл бор экан, демак сиз сиёсатга бевосита дахлдорсиз.
Хўш, бизга бу қадар кўп сиёсат нега керак? Нега биз бунчалик сиёсийлашган махлуқлармиз?
Чунки биз энг тартибсиз жонзотмиз. Бизнинг ақлимиз аҳамиятсиз нарсаларга ортиқча аҳамият бериб, табиий мувозанатни бузишга ўч. Табиий мувозанат бузилганда эса – тартибсизлик келиб чиқади. Биз ўзимиз ҳаётимизда тартибсизлик келтириб чиқарамиз ва ана шу тартибсизликни назорат қилиш учун сиёсат ўйлаб топамиз.
Лекин ҳар қандай сиёсатнинг бир камчилиги бор: у ҳар доим ҳам кутилгандек иш бермайди. Ижтимоий тартибни бузадиганлар, қоидаларни менсимайдиганлар, ижтимоий адолатни қадрламайдиганлар ҳар доим топилади. Шунда жамиятда (бу жамият кичик оилами, ёки бутун халқми – фарқи йўқ) зиддиятлар келиб чиқади. Бу зиддиятлар бизни кўнгил хотиржамлигидан айиради ва бахтсиз одамларга айлантиради.
Ижтимоий тартиб муҳимликка берилиш сабаб бузилади. Кимдир ўз манфаатини жамият манфаатидан устун қўяди, кимдир ўзига ортиқча баҳо беради, кимдир ўзини адолат ва қонундан юқори ҳисоблайди. Жуда ажойиб ҳолат: муҳимлик бизни нотабиий истакларга эргашиб, тартибсизлик келтириб чиқаришга ундайди. Бу тартибсизликни бартараф қилиш учун қоидалар жорий қилиб, муаммони ҳал қилмоқчи бўлсак – муҳимлик ана шу қоидаларни бузишга ундайди ва янги муаммолар келтириб чиқаради.
Сиз билан мен бу ҳолатга ечим оддийгина сергаклик эканини биламиз. Сергаклик бизни табиий мувозанатни бузишдан асраб қолади. Табиий мувозанат бузилмаса – янги зиддиятлар келтириб чиқарадиган сиёсатга ҳожат йўқ. Ҳеч эътибор берганмисиз: сиёсат ҳақида ўйлаш ёки гапириш жуда ёқимсиз. Сабаби оддий: сиёсат – муҳимлик меваси, у бизнинг ҳаётий қувватимиз ҳисобидан мавжуд. Сиёсатнинг асосий муаммоси – унинг мавжудлиги, унга зарурат борлигида.
«Тарқаб кетган тўқсон тўққиз
уруғимсан, Ватаним»
(Севара Назархон қўшиғидан)
Сиз – кучли шахссиз. Балки буни ўзингиз билмассиз ва юзага чиқара олмассиз, лекин сиз – кучли шахссиз. Чунки сизда минглаб йиллар давомида тўпланган куч ва салоҳият бор. Бу кучни сизга барча аждодларингиз қолдирган.
Сизнинг генингизда саклар, юнонлар, форслар, араблар, мўғиллар ва бошқа юзлаб буюк халқларнинг мерослари жамланган. Сиз буюк халқларнинг буюк мевасисиз. Ер юзидаги ҳар бир инсон буюк халқларнинг буюк меваси.
Бугун биз яшаётган ҳудудларда бир пайтлар оқ-сариқдан келган, кулранг кўзли, сариқ сочли саклар яшаган. Доро ва Кир истилоси билан бу ҳудудларга форслар келган ва маҳаллий халқ билан қоришган. Искандар истилоси билан уларга юнонлар келиб қўшилган. Кейинчалик араблар, мўғиллар ва руслар бу жараённи давом эттирган.
Бугунги ўзбек – минглаб йиллар бир-бири билан тинмай қоришиб келган элатлар натижаси. Қора қош ва сочларни форслардан, буғдойранг терини араблардан, қисиқ кўзларни мўғиллардан олганмиз.
Ўз юксак маданияти ва қадриятларига эга маҳаллий халқ ҳар бир янги истилочи халқдан янги нарсаларни ўрганган. Асрлар давомида маданият бойиб, ўзгариб борган. Бугун ҳам кундалик ҳаётимизда ўша қадимги саклардан қолган одатларимиз, форслар ва араблар олиб келган удумлар, руслардан ўрганган тартибларимиз мавжуд.
Читать дальше