Бугунги жамиятимизда шахс ва давлат ўртасида сезиларли бўлиниш бор. Одамлар давлатни алоҳида бир механизм, уларнинг иштироки ва иродасидан ташқарида иш кўрувчи тузилма деб билади. Биз бугун давлатдан бегонамиз – ундан қўрқамиз, ундан нари юришга, унинг ишларига аралашмасликка ҳаракат қиламиз.
Кўп ҳолларда шахс давлатни ўзига рақиб деб билади. Чунки жамият манфаатлари билан шахсий манфаатларимиз кўпинча бир-бирига зид келади. Бу жуда самарасиз ва зарарли ҳолат – чунки бунда жамият ўз-ўзига соғлом ривожланишга тўсқинлик қилади.
Мен сизга ҳар бир китоб сўнгида ушбу билимларни кўпчиликка етказишни таклиф қиламан – атрофимизда кучли шахслар қанча кўп бўлса, шунча яхши эканини эслатаман. Мана бугун бунинг ортида қандай мақсад турганини билиб олдингиз. Англаб турганингиздек, алоҳида одамлардаги шахсий ўсиш охир оқибат ижтимоий ўсишга олиб келади. Жамиятимиз кучайиб, соғломлашиб боради.
Мен ҳар ким бахтли яшашга ҳақли эканига ишонаман. Жамият вакиллари қанча хотиржам яшасалар, уларнинг иш самарадорлиги, бир-бирлари билан муносабатлари шунча яхши бўлади. Одамлар қанча бахтли бўлса – жамият шунча яхши яшайди.
Менинг билишимча, бутун жамиятни кучайтириш учун, унинг алоҳида вакилларини кучайтириш керак. Сиз билан суҳбатларимиз ана шу мақсадга қаратилган. Қанчалик натижага эришганимизни маълум муддат ўтгандан кейин биламиз. Лекин китобхонлардан келаётган мактублардан шуни сездимки, ўзгаришлар бошланди. Сиз билан биз ана шу катта ўзгаришлар иштирокчиларимиз.
Ўзликни англаш – оддий инсон сифатида бахтли ҳаёт кечириш учун биттаю битта шарт. Мана шуни уддаласак – марра бизники.
Шахс ва давлат ўртасидаги мураккаб муносабатларни таҳлил қилишга киришишдан аввал, келинг, давлат ўз моҳиятига кўра қандай тузилма эканини англаб олишга уриниб кўрайлик. Бунинг учун хаёлан давлатнинг яралиш тарихига саёҳат қиламиз.
Қадимги аждодларимиз тўдаларга бирлаша бошлаганларида, улар ўзаро аҳил яшаш ва тараққий этиш учун умумий қоидаларни жорий қилганлар. Тўда ичида меҳнат тақсимоти юзага келган ва жамоа яшаб қолиши учун тегишли қоидалар ўрнатилган.
Ҳамма амал қилиши керак бўлган қоидалар жорий қилиниши билан бирга, ана шу умумий қоидаларга бўйсунишни истамайдиганлар пайдо бўлган. Умумий қоидаларга таяниб, бир маромда кечиб бораётган жамоа ҳаётига халал берадиган ҳаракатлар қиладиган бундай аъзоларни тартибга чақириш эҳтиёжи пайдо бўлган. Шунда жамоа орасидан бақувват аъзолар қоидага бўйсунмаганларни куч ишлатиб бўлса ҳам тарбиялашни, тарбия кор келмаса – қоидабузарни жазолаш ёки жамоадан ҳайдашни ўз зиммаларига олганлар. Вақти келиб, бу кучли аъзолар гуруҳи жамоани бошқа қабилалардан ҳимоя қилишга ҳам жавобгар бўлишган. Ички тартиб ва жамоа хавфсизлигини таъминлаганликлари эвазига бу кучлилар гуруҳини бутун жамоа ўз меҳнати ҳисобидан боққан ва кийинтирган. Энг содда кўринишда давлат ана шундай вужудга келган.
Яшаб қолиш учун ички тартиб ва хавфсизликни таъминлаш учун тузилган аскар гуруҳлар – илк давлат одамларидир. Кейинчалик, уларни озиқ-овқат, кийим-бош ва бошпана билан таъминлашга масъул тузилмалар ҳам юзага келган. Жамоанинг йиллик ҳосилидан ва ов ўлжаларидан аскарларга тегишли улушини ажратиб олиш, бу захираларни сақлаш ва аскарларга етказишга жавобгар аъзолар (илк солиқчилар) ҳам ибтидоий давлат ходимларига айланишган.
Шу тарзда давлат тузилмаси аста-секин кенгайиб, мураккаблашиб борган. Жамиятнинг янги ва янги эҳтиёжларини қоплаш учун давлатнинг шу эҳтиёжларга жавобгар бўлимлари шаклланиб борган. Шу билан бирга, у ёки бу соҳани тартибга солиш учун ҳамма учун мажбурий қоидалар – кейинчалик эса қонунлар таъсис этила бошлаган.
Давлатни кўпинча турғун механизмга ўхшатадилар. Яъни, унинг ишлаш тартиби, алоҳида қисмлари ва бу қисмлар учун ҳаракат қоидалари белгилаб қўйилган. Бу қараш давлатни жамиятдан айри ва мустақил иродага эга, ўз қонуни бўйича ҳаракат қилувчи машина деб билади. Унга кўра, давлат алоҳида шахс истак ва иродасини ўзига бўйсундиради ва уни ўз механизмидаги бир парракка айлантиради.
Аммо давлатнинг келиб чиқиши ва ривожланишига қарасак, давлатни ўзгармас механизм сифатида баҳолаб бўлмайди. Агар давлат механизм бўлса – унинг ҳар бир қисми (ҳар бир паррак) бутун тизим билан мутаносиб ишлаши керак. Агар бир қисм ишдан чиқса ёки бир паррак нотўғри томонга айлана бошласа (масалан, давлатнинг ходими бўлган битта шахс ноқонуний иш қила бошласа) – бу бутун механизм фаолиятини издан чиқаради.
Читать дальше