Биз – сиёсий махлуқлармиз. Бу жумланинг асл маъносини англаш учун, сиёсат нималигини, унинг туб моҳиятини англаш лозим.
Бизнинг ақлимиз ҳамма нарсани тартибда сақлашни ёқтиради. Чунки тартиб назоратни осонлаштиради. Ақл эса назорат қилишни жуда яхши кўради.
Бизни болаликдан ҳамма нарсаларимизни тартибда тутишга ўргатишади. Ўйинчоқларимиз, кийимларимиз, ўқув қуролларимизни тартибда сақлаш учун қоидалар жорий қилинади.
Ҳар қандай қоида тартибга хизмат қилади. Тасаввур қилинг, йўл ҳаракати қоидалари бўлмаса. Ҳамма кўчада ўз билганча юрса, транспорт воситалари ҳам истаганча ҳаракатланса. Бу жуда катта тартибсизликни келтириб чиқарар эди.
Табиатга саёз нигоҳ билан қарасангиз, унда тартиб йўқдек туйилади. Аммо ёввойи табиатни диққат билан кузатган одам ундаги ажойиб ва мукаммал тартибга гувоҳ бўлади. Ундаги жараёнлар табиий қоидалар асосида кечади ва оддий ва самарали тартибга амал қилади.
Ҳайвон ва ўсимликларга қандай яшаш, нима қилиш ёки қилмасликни табиат айтади. Улар табиат белгилаган тартибга амал қилиб яшайдилар. Шу боис ҳам ёввойи табиат вакиллари фақат самарали усулда ҳаёт кечирадилар. Улар атроф-муҳит билан зиддиятга бормайдилар.
Биз одамлар эса табиий қоидалар билан қаноатланмаймиз. Чунки бизда табиий эҳтиёждан ташқари ижтимоий эҳтиёжлар ҳам бор. Биз автотранспортни фақатгина бир жойдан бошқа жойга тез етиб олиш воситаси деб билмаймиз. Бизга керакли жойга тез ва хавфсиз етиб олиш – табиий эҳтиёж. Бунга қўшимча бизда яна ижтимоий эҳтиёжлар ҳам бор: ўзимизни кўз-кўз қилиш, кимдандир ўзиш, обрўга эришиш ва ҳоказо. Агар кўчада ҳаракатланаётган ҳамма фақатгина табиий эҳтиёж билан юрса, ҳеч ким ҳеч кимга халал бермайди ва тартиб билан ҳаракатланади.
Тартибсизлик ва муаммолар айнан бизнинг ижтимоий эҳтиёжларимиз сабаб келиб чиқади. Ижтимоий эҳтиёжлар ақл истакларидан келиб чиқади. Бу ижтимоий эҳтиёжлар табиий қоидаларга амал қилмайди. Чунки уларда мантиқ йўқ, чунки улар самарадорликка хизмат қилмайди. Улар бизнинг муҳимлигимизга хизмат қилади.
Ўз ижтимоий эҳтиёжларимизни тартибга солиш учун биз ижтимоий қоидалар жорий қиламиз ва ижтимоий тартиб яратишга уринамиз. Аввал айтиб ўтилгандек, агар кўчадаги ҳаммага ўз шахсий муҳимлигига эргашиб, истаганча тез юришга, ўзини ва машинасини кўз-кўз қилишга қўйиб берилса – бу жуда хатарли тартибсизликни келтириб чиқаради. Шу хатарни бартараф қилиш учун ҳам бизга ижтимоий тартиб керак.
Ижтимоий эҳтиёжларни назорат қилиш учун яратилган ана шу қоидалар жамланмаси – сиёсатдир. Ижтимоий тартиб оилада, ўқиш ёки иш жамоасида, маҳаллада ва бутун жамиятда таъсис этилади. Биз оиламиз доирасида ҳам сиёсат қиламиз: фарзандлар учун қоидалар, масъулият тақсимоти, интизом ва бошқа ижтимоий тартиб белгилари оиладаги сиёсат элементларидир.
Умумий қоидага бўйсуниши керак бўлган одамлар гуруҳи қанча катта бўлса, сиёсат ҳам шунча кенг қамровли, қоидалар ҳам шунча кўп бўлади. Бир нечта шахсдан ташкил топган оиладаги сиёсат ўнта қоидага асосланса, йигирмадан ортиқ шахс тўпланган мактаб синфида юзлаб қоидалар амал қилади. Бутун жамиятни эса минг-минглаб қоидалар тартибда сақлашга ҳаракат қилади.
Оиладаги сиёсат нимага қаратилган бўлади? Ҳамма ўз вазифасини бажаришига, ҳеч ким масъулиятсизлик қилмаслигига, ҳар ким ўз ўрнини билишига – бир сўз билан айтганда, ижтимоий адолатга. Оиладаги сиёсат оила аъзоларининг вақти ўз шахсий эҳтиёжлари ва оила эҳтиёжлари ўртасидан адолатли тақсимланишига хизмат қилади.
Масалан, мен билим олиб, олий маълумотли бўлмоқчиман. Бу менинг шахсий ўсишим учун керак, келажагимни таъминлашга ҳисса. Лекин бунга эришиш учун мен кўпроқ ўқишим ва изланишим керак. Кунимнинг кўп қисми шунга сарф бўлади. Натижада оилам эҳтиёжларига мен қўшишим керак бўлган ҳиссам эътиборсиз қолади.
Баъзи оилалар бундай зиддиятни янги қоида таъсис қилиш билан ҳал қиладилар. Янги келишув тузилади: ота-она фарзандига билим олиш учун кўпроқ бўш вақт ажратиб, оилани таъминлашни ўз бўйнига олади, фарзанд эса улғайиб, маълумотли бўлгач эса ота-онаси елкасидан бу юкни олади ва уларга беғам кексалик тақдим этади. Шу усулда оиладаги сиёсат тартибга солинади ва ижтимоий адолат тикланади.
Давлат ҳам кўпинча шундай иш тутади: ёшларга илм олиш ва фойдали мутахассис бўлгунча вақт ва шароит беради. Бепул ўрта таълимни таъминлайди, талабаларга стипендия билан кўмаклашади. Кейинчалик, мутахассис бўлиб, ишга киргач, фуқаро бу ёрдам эвазига давлат ва жамиятга фойда келтириш билан ўз қарзини узади.
Читать дальше