Ўқув қўлланмасининг биринчи – пахта тозалаш корхоналарида меҳнатни муҳофаза қилиш бўлимида: меҳнат мухофазасининг умумий масалалари; пахта тозалаш корхоналари жараёнлари ва уларга қўйиладиган умумий хавфсизлик талаблари; корхоналарда меҳнатни мухофаза қилишни бошқариш; ишлаб чиқаришнинг хавфли ва зарарли омилларидан ҳимоялаш ва сақлаш воситалари; ишлаб чиқариш ускуналари ва иш жойларини ташкиллаштиришга умумий хавфсизлик талаблари; корхоналарда меҳнат хавфсизлиги ва меҳнат шароитларини баҳолаш; пахта тозалаш корхоналарида электр хўжалиги ишларини хавфсиз бажарилишини таъминлаш; пахта тозалаш корхоналарида экологик хавфсизликни таъминлаш; пахта тозалаш корхоналарида иқтисодий хавфсизликни таъминлаш; пахта тозалаш корхоналарида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш масалари қисқача ёритилган.
Қўлланманинг иккинчи бўлимига пахта тозалаш корхоналарини замонавий бозор иқтисодиёти шароитларига мос фаолият юритиши, ишловчиларга соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиб беришга ва меҳнаткашларни ижтимоий мухофаза қилишга йўналтирилган жамоа шартномасининг макети, пахта тозалаш корхоналарида бажарилиши керак бўлган хавфли ва зарарли ишларни хавфсиз бажаришга мўлжалланган меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича иш жойида дастлабки йўл-йўриғини ўтказишда қўлланилиши керак бўлган корхоналар муайян ишлари ва касблари учун меҳнат мухофазаси бўйича маҳаллий йўриқномалар намуналари: пахтани қабул қилиш ва ғарамга (омборга) узатиш, пахта ғарамини бузиб транспорт воситасига юкловчи (пневмоташигич қувурига узатувчи-таъминловчи) машиналар операторлари, пахта тозалаш корхоналари машиналари ва технологик ускуналари электр қурилмаларини созловчи-таъмирловчи ва бошқа электр ишларини бажарувчи электр монтёрлари, электр ва газ пайвандчилари учун меҳнатни мухофаза қилиш бўйича йўриқномалар, электр қурилмаларга хизмат кўрсатишда ишларни наряд-рухсат билан бажарилишини ташкиллаштириш тартиби, пахта тозалаш корхонаси ва унинг барча ишловчилари учун ёнғин хавфсизлиги бўйича йўриқномалар намуналари келтирилган.
Қўлланма корхоналар рахбарлари, мутахассислари, турли касб ишчилари ҳамда олий ва ўрта махсус таълим ўқув юртлари талабалари учун мўжалланган бўлиб, муаллифнинг пахта тозалаш саноати соҳасидаги илмий ишлари ҳамда меҳнат фаолияти тажрибаси асосида яратилди. Ишловчилар учун жамоа шартномасининг намунавий макети бозор иқтисодиёти шароитлари инобатга олиниб, меҳнат мухофазаси маҳаллий йўриқномалари намуналари эса амалдаги йўриқномалар ишлаб чиқиш бўйича низом талаблари асосида тайёрланди.
Ушбу ўқув қўлланма тўғрисидаги танқидий мулоҳазалар, мутахассислар фикрлари муаллиф томонидан миннатдорчилик билан қабул қилинади ва қўлланмани янада жонли ҳамда таъсирчанлигини ошириб уни такомиллаштиришда фойдаланилади.
I. ПАХТА ТОЗАЛАШ КОРХОНАЛАРИДА МЕҲНАТНИ МУХОФАЗА ҚИЛИШ
I.1. Меҳнат мухофазасининг умумий масалалари
Меҳнатни мухофаза қилиш – бу тегишли қонун ва меъёрий ҳужжатларга биноан амал қилувчи, инсоннинг меҳнат жараёнидаги хавфсизлиги, сиҳат саломатлиги ва иш қобилияти сақланишини таъминлашга қаратилган ижтимоий-иқтисодий, ташкилий, техникавий, санитария-гигиена ва даволаш-профилактика тадбирлари ва воситалари тизимидир.
Ёки, бошқача айтганда, меҳнатни мухофаза қилиш – меҳнат фаолияти жараёнида ишловчиларни соғлиғи ва ҳаётини сақлаш тизими бўлиб, ўз ичига ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, ташкилий-техникавий, санитар-гигиеник, даволаш —профилактика, реабилитация қилиш ва бошқа тадбирларни олади.
Меҳнатни муҳофаза қилиш ҳуқуқшунослик адабиётларида меҳнат ҳуқуқи ва меҳнат ҳуқуқи муносабатларининг асосий тамойили сифатида ҳамда қонунчилик тизимлари ҳужжатларида ижтимоий-иқтисодий, ташкилий, техникавий, санитар-гиеник ва даволаш-профилактика тадбирлари, техник воситалари ва хавфсиз меҳнат шароитлaрини таъминлашга йўналтирилган методлар сифатида қаралади.
Меҳнат қонунлари асосини Конституцияга асосланган меҳнат кодекси ва ҳукумат қарорлари ташкил қилади. Буларда меҳнаткашларнинг соғлигини ҳимоя қилиш давлатнинг ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг таркибий қисми ва иқтисодий ислоҳатларни амалга оширишнинг муҳим омили ҳисобланади.
Меҳнатни муҳофаза қилишни техника хавфсизлиги, ишлаб чиқариш санитарияси, меҳнат гигиенаси билан алмаштириш мумкин эмас, чунки улар меҳнатни муҳофаза қилишнинг элементлари, унинг таркибий қисмларига киради. Шундай қилиб меҳнатни муҳофаза қилиш системасининг таркибига қуйидаги элементлар киради:
Читать дальше