Ҳукмдор тарихчи томонидан битилган асарлар ҳаяжон билан ўқилади. Китобхоннинг кўз ўнгида ўтмиш лаҳзалари жонланади. Ота-боболаримизнинг нимага қодир эканлиги ёққол намоён бўлади. Тарихий шахслар ҳақида фикр юритар экан, китобхонни зериктирмаслик, аксинча уни асарга янада яқинлаштириш учун бадиий воситалардан кенгроқ фойдаланилади. Мен ҳам бу китобларни қайта-қайта мутолаа қилганман.
Абулғозий Баҳодирхон асарлари Шарқ, рус ва Ғарбий Европа тарихчи олимларини ҳам диққат эътиборини тортган. Бу асарлар бошқа тилларга қунт билан таржима қилинган. 1993 йилда хизмат юзасидан Германия сафарида бўлганимда Манхайм шаҳридаги кутубхонада Абулғозий Баҳодирхоннинг немис ва инглиз тилларига ўгирилган ўша машҳур икки асарини кўрганимда фахрга, қувончга тўлганман.
Бу адолатпарвар, элпарвар элдошимиздан ҳозирги даврда ҳам, бундан кейин ҳам ибрат олса арзугулик фазилатлар бисёр. Чунончи у Шовот Ғознобод, Полвонёп, Қиличбой каналларини қайта таъмирлашга ўзи бош-қош бўлди. Янги ариқлар қаздирди. Бу билан ХУ1 асрнинг 70 йилларида Амударё оқимининг ўзгариши билан Хоразмнинг шимолий қисмида юз берган сув танқислигининг ҳам олди олинганлиги тарихдан маълум. Хуллас, бу ҳукмдор ҳиммати билан қилинган хайрли ишлар Хоразм воҳасининг тараққий топа бориши, гуллаб яшнашига ҳисса бўлиб қўшилди.
Абулғозий Баҳодирхон ўз бошидан жуда кўп ранж-алам, қийинчилик, ҳаётнинг бешавқат ташвишлари, азобларини кечирган инсон. Бир сўз билан айтганда ҳаёт қозонида қайнаб, пўлатдек тобланган, кучли иродали шахс. У бор – йўғи 60 йил умр кўрган бўлса шунинг қарайиб 20 йилини муҳожирликда жуда қийинчилик билан ўтказди, ҳатто ўз акалари томонидан 10 йил Эрондаги Исфахон турмасида ҳам азоб чекади. 1639 йили бу турмадан қочиб Манғишлоқ орқали Оролбўйи ўзбеклари ҳузурига келади. Катта қўшин тўплаб, олдин Қўнғирот, кейинчалик Хивани эгаллайди. Хивада хонлик даврида (1643—1663 йиллар) хонликнинг жанубий-ғарбий чегараларини кенгайтириш, ташқаридан бўлаётган ҳавф-ҳатарларни даф этиш учун барча зарур чора тадбирларни кўради. Буюк ипак йўли орқали Бухоро, Эрон, Туркия, Астрахан, Ҳиндистон Россия мамлакатлари билан ўзаро алоқаларни ривожлантиришга аҳамиятни кучайтиради. Хусусан, савдо – сотиқ, тижорат ривожлантирилди. Агар тарих саҳифаларини варақлаб, бир нарсага жиддий эътибор билан қаралса, Абулғозий Баҳодирхон тахтга ўтирган кунидан бошлаб маъмурий ислоҳот ўтказишга асосий эътибор қаратганлигининг гувоҳи бўламиз. Хонликнинг марказий бошқарув тизимини ерли аҳолининг нуфузли, илмли, эл юртда катта эътибор қозонган вакиллари ҳисобига мустаҳкамлашга эришган. Бу эса сиёсий ва иқтисодий таназзулни олдини олишда, ҳалқнинг фаровонлик сари етаклашда муҳим аҳамият касб этганлиги шак-шубҳасиздир.
1646 йилда Абулғозий Баҳодирхон томонидан янги Урганчга асос солинганида ҳам бошқарув лавозимларида энг оқил, доно, тадбиркор инсонлар фаолият кўрсатишган. Шу боис янги Урганч яна қаддини тиклаб, Хоразмнинг кўркам, чиройли шаҳарларидан бирига айланиб, қурилиш бунёдкорлик, савдо-сотиқ соҳаларида кўплаб ҳайрли ишлар амалга оширила бошлаган, ҳунармандчилик ривожлантирилган. Абулғозий хоннинг бу йўналишидаги хайрли ва савоб ишларини унинг вафотидан кейин тахтга ўтирган ўғли Анушахон давом эттиради…
Ҳар гал муқаддас обида – Абулғозий Баҳодирхон ҳайкалига кўзим тушганда, бу улуғ зот қаламига мансуб асарларни ўқиганимда ёки ҳукмдор, тарихчи, олим ва табиб элдошимизнинг ўзи ҳақида битилган ёдномаларни мутолаа қилганимда хаёлимдан юқоридагига ўхшаш фикр-мулоҳазалар ўтади. Орзу-умид қиламан ва ишонаманки, Урганч асосчиси Абулғозий Баҳодирхон ворислари воҳа марказини янада нурафшон қиладилар.
Жалолиддин Мангуберди кўчаси
Урганчда ана шундай кўча бор. Хоразм элининг энг довюрак инсони, енгилмас курашчиси, миллий қаҳрамони Жалолиддин Мангуберди номи билан аталаётган бу кўча «Оби ҳаёт» маҳалласида жойлашган. Кўчанинг шундоққина биқинида Шовот канали оқиб ўтади. Вилоят лойиҳалаш институти, божхона биноси, «Сув оқава» ташкилоти, шифохона, иккита болалар боғча-яслиси,«Лола» ательеси, «Хоразмсувқурилиш» трестига қарашли уй-жойлар, равон йўллар, йўлаклар, хиёбонлар, гулзорлар бу кўча кўркига кўрк қўшиб турибди.
Машҳур саркарда номидаги бу кўча ўртасидан кесиб ўтган кенг асфальт йўл тўппа-тўғри Урганч маркази томон бошлаб боради. Мен ана шу кўчада яшайман ва бу билан чексиз фахрланаман. Буюк саркарда Жалолиддин Мангуберди таваллудининг 800 йиллигини кенг нишонлаш ҳақида Республика Вазирлар Маҳкамасининг қарори эълон қилинган кун кўчамизда бамисоли байрам бўлди. Қўни-қўшнилар, бутун кўчамизда истиқомат қилаётган каттадан-кичик бу хушхабарни эшитиб ниҳоятда қувонишди. Маҳалла фуқоралар йиғини раиси Эркин Собиров ҳар бир тўй-тантанани очиш олдидан бу ғамҳўрлик ва қадриятларимиз улуғланаётганини фахр билан қувона-қувона таъкидлайдилар.
Читать дальше
Конец ознакомительного отрывка
Купить книгу