Ташкилотчи ва ташаббускор раҳбар. Мен узоқ йиллар қатор қурилиш ташкилотларида раҳбар бўлиб ишлаганлигим сабабли Ибадулла Байджановни қурувчилик, бунёдкорлик ишларига қўшган ҳиссасини яхши биламан. Айниқса 15 йилдан зиёд Урганч шаҳар бош архитектори вазифасида ишлаб, воҳамиз марказини чиройли ва кўркам манзара кашф этишида жонбозлик кўрсатди. Аэропорт, вокзал, марказий универмаг, қатор маданий – маиший бинолар, микрорайонлар бунёд қилинишида И.С.Байджановнинг хизматлари катта. 1988 йилдан буён Урганч қурилиш колледжи директори вазифасида сидқидилдан фаолият кўрсатиб келмоқда. Унинг бевосита ташкилотчилиги ва ташаббуси билан техникум колледжга айланди. «Архитектура», «Халқ хўжалигини ривожлантириш ва иқтисод», «Қурилишни кўкаламзорлаштириш», «Қурилишда тижоратчилик», «Хўжалик ҳуқуқшуноси», «Молия», «Менежмент» каби мутахассисликлар бўйича янги бўлимлар очилди. Янги ўқув биноси қад ростлади. Боғ, хиёбон, гулзорлар яратилди.
Ибадулла Байджанов «Урганч шаҳар архитектураси», «Диплом лойиҳалаш услуби», «Меъморлар маскани» каби қатор рисола, монографиялар, республика вақтли матбуотда босилган 120 дан ошиқ илмий оммабоп мақолалар муаллифи ҳамдир. Унинг ушбу янги китоби икки улуғ анжуманга муносиб тўёна бўлиши билан бирга энг муҳими ўз она юртига, ота-боболаримизга, мустақил диёримизга бўлган меҳр-муҳаббат ифодаси ҳамдир.
Мен урганчликларни, Хоразм аҳлини икки улуғ анжуман —Жалолиддин Мангубердининг 800 ҳамда Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳийнинг 190 йиллиги шодиёналари билан чин дилдан қутлайман. Ушбу китоб муаллифи, ташаббускор ва ижодкор раҳбар, Ўзбекистон Олий Мажлисининг депутати И.С.Байджановнинг хайрли ишларида зафарлар тилайман.
Эргаш Юсупов Урганч шаҳри ҳокими
Урганч. Хоразмдек кўхна, жаҳонга маълум ва машҳур, муқаддас масканга шу шаҳардан кириб борилади. Гўё у бу табаррук заминнинг бош дарвозаси. Воҳанинг қайнаб-жўшиб уриб турган юраги. Вилоят маркази. Кундан-кунга чирой очиб жамоли ва камоли кўзларни қувонтириб, қалбларга фахр-ғурур бағишлаётган Урганч мустақил Ўзбекистонимизнинг кенжа навқирон шаҳарларидан бири ҳисобланади. Амударёнинг қуйи оқими чап соҳилида жойлашган. Шаҳар ўртасидан ўтган Шовот канали Урганчни шимолий ва жанубий қисмларга ажратиб турибди. Шаҳарнинг шимолий қисмида асосан турар жой бинолари, илмий маданий —маърифий муассасалар, ташкилотлар, маиший хизмат кўрсатиш корхоналари, жанубий қисмида эса ишлаб чиқариш корхоналари қад ростлаган. Ҳар иккала соҳилни баланд, катта, замонавий кўприклар ҳудди мустахкам занжир ҳалқасидек бир-бири билан боғлаб турибди. Воҳа марказига аэропорт, темир йўл вокзали, автобуслар шоҳбекати орқали Ўзбекистонимизнинг турли вилоятларидан, хорижий мамлакатлардан меҳмонлар келиб Хоразм воҳаси билан, унинг гуллаб яшнаётган шаҳри Урганч билан яқиндан танишмоқдалар.
Урганч кўчаларини кезар экансиз, яқин-яқинларда бу кўчаларнинг қишда лой, ёзда чанг босиб ётганига сира-сира ишонгингиз келмайди. Равон йўллар, кенг кўчалар, кўркам турар жойлар, серфайз боғлар-у гулзорлар, фавворалар шаҳар ҳуснига ҳусн қўшиб турибди. Айниқса тунги Урганч жамоли кўзларни яшнатади, турфа рангдаги сон-саноқсиз чироқлар, шиорлар, рекламалар, тасвирлар… Булар Урганч оқшомини янада файзли, шукуҳли қилиб юборган. Ҳумо қуши қанот қоқиб турган мустақиллик майдони ўзгача ғурур, ифтихор бағишлайди.
Урганч илм-фани санъат ва маданияти, саноати юксалиб бораётган навқирон шаҳарлардан бири. Бугунги кунда бу шаҳри азимда бешта қурилиш трести, олтита дирекция, 24 дан ошиқ қўшма механизациялашган колонна, бешта очиқ турдаги ҳиссадорлик жамияти, 16 дан ошиқ бошқарма ва бўлимлар, 7 та ўқув ишлаб чиқариш комбинати, учта қурилиш таъмирлаш бошқармалари, 9 та қурилиш участка, 7 та корхона, 4 та завод фаолият кўрсатиб, иқтисодий ижтимоий ривожланишга ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.
Кейинги йилларда Республикамиз Президенти ва ҳукуматимиз мустақилликни қўлга киритган диёримиз учун малакали мутахассис кадрлар тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратмоқда. Олий ва ўрта махсус таълимнинг моддий техника базасини мустаҳкамлаш, таълим-тарбия самарадорлигини ошириш ва такомиллаштириш тадбирлари кўрилмоқда.
Урганч шаҳрида 50 га яқин боғча ясли, 28 та мактаб ва 4 та ҳунар техника билим юртлари мавжуд.
Читать дальше
Конец ознакомительного отрывка
Купить книгу