Шаҳар табиати гўзаллигига туташ турар жой бинолари мажмуасини бунёд этиш учун изчил изланишлар олиб борилди. Урганч уйсозлик комбинатининг имкониятлари кенгайтирилди. Қурилиш конвейерларида биргина 146 – серияли эмас, 76 сериялардаги уй блоклари чиқариш йўлга қўйилди. Шаҳар меъморчилигида йирик панелли ғиштдан уйлар тиклаш ғояси амалга оша бошлади. 2, 3, 4, 6 микрорайонлар барпо этилди. Катта магистрал йўллар, темир йўл устидан ўтадиган учта баланд кўприк қурилди. Инженерлик коммуникациялари қурилиши ривож топиб, марказий водовод ётқизилди.
Йирик коммуникация қувурлари қурилиши амалга оширилди. Кўплаб янги насос станциялар ишга туширилди.
Урганч шаҳрининг савдо зонасида «Марказий универмаг», «Болалар дунёси», спорт дўконлари, «Китоблар дунёси» магазинлари қурилди. Янги қурилган кўп қаватли биноларнинг биринчи қаватида аҳоли эҳтиёжини қондириш мақсадида озиқ-овқат ва бошқа рўзғорбоп буюмлар сотиладиган дўконлар ишлай бошлади.
Қатор маъмурий бинолар ҳамда вилоят ҳокимлиги, «Урганчтрансгаз» биноси, «Почта, телефон, телеграф», вилоят суғориш тармоқлари, вилоят касаба уюшмалари бинолари, ҳозирги Тошкент тиббиёт институти филиали жойлашган бинолар шаҳар салобатини оширди. Огаҳий театри, «Хоразм» кинотеатри, «Жайҳун» меҳмонхонаси каби улкан иншоотлар Урганч ҳуснига ҳусн қўшди.
Шаҳарсозлик тугунлари таркиб топди. Урганч шаҳар ҳокимияти биноси ва унинг атрофидаги бинолар, темир йўл вокзали биноси ва унинг атрофидаги бинолар, аэропорт биноси ва унинг атрофидаги бинолар.
Бинолар қурилишида битта катта ғоя – бир бутун яхлит ансамбллар ташкил қилиш бош мақсад қилиб қўйилди. Натижада бир-бирига уйғун ҳолда бунёд этилган биноларда композиция, ритм, пропорция, пластика масалалари тўла ҳал этилганлиги кўзга ташланди.
Кенг миқёсда амалга оширилган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш тадбирлари натижасида Аль-Беруний кўчасидан ўтган ёп бетон плиталар билан қопланди, йўлаклар, ариқлар, тартибга келтирилди. Шовот канали бўйларида, шаҳар марказидаги катта кўл атрофларида янги дам олиш зоналари, болалар учун кичик «шаҳарчалар» ташкил этилди.
1988 йилдан 1997 йилгача Комил Матчанов, Матёқуб Полвонов, Алишер Қодиров, Ҳамид Худайбергановлар бош меъмор бўлиб хизмат қилдилар. Ҳозирги кунда Абдулла Байджанов шу вазифада фаолият кўрсатмоқда. Бу меъморлар иштирокида ҳам муайян ишлар амалга оширилди. Айниқса қадимий Хиванинг 2500 йиллигининг кенг миқёсда нишонланиши бутун Хоразм, хусусан Урганч учун ҳам муҳим воқеа бўлди. «Хива юбилейи Урганчдан бошланади» деган шиор остида 1997 йил бошидан бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари қизғин давом этди. Чунки чиндан ҳам Хива зиёрати, тўйига ташриф буюрадиган меҳмонлар аввало Урганч шаҳрига келишади. Меҳмон келадиган уй, кўча чиннидай озода, ораста бўлиши – халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган азалий одати. Тўйга тўёна ҳозирлаш барча урганчликларнинг ягона орзуси бўлиб қолди. Бунга барча ташкилот муассасалар ўз ҳиссаларини қўшдилар. «Хоразмйўл» ҳиссадорлик жамияти алоҳида ҳиммат кўрсатишди. Йўлсозлар 6—13 маҳалла кўчалари йўллари ва йўлакларини бепул асфальт қилиб беришди. Саноат фуқаро қурилиши механизациялашган колоннаси бунинг учун минг куб метр тош беришди.
Энг муҳим муаммо сув танқислиги эди. Қирғизёпга учта насос ўрнатилиб дарахтлар, экинларни гуркираб ўсишига имкон яратилди. Кўмилиб қолган ариқлардан ҳам сувлар шарқираб оқа бошлади. Кўчатларга, йўлакларга файз кирди. Янги гулзорлар, хиёбонлар ташкил этилди. Катта кичик фавворалар ўрнатилди. Аль-Хоразмий кўчасининг икки ёнидаги йўлаклар таниб бўлмас даражада кўркам қиёфа касб этди. Нақшинкор, ихчам, бежирим плиталар йўлакларга тўшалиб, шаҳарликлар ва меҳмонлар пойи қадамида аввалгиларга ўхшамас ажойиб йўлак пайдо бўлди. Ҳаммасидан ҳам қувончлиси меҳмонлар бутунлай янгидан таъмирланган аэропортда кутиб олинди. Юбилей муносабати билан Ўрта Осиёда узунлиги жиҳатдан ягона «Урганч – Хива» троллейбус тармоғи ишга тушди.
Шаҳарнинг 350 йиллиги муносабати билан бунёдкорлик ишлари, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш давом эттирилди ва қувонарли ишлар амалга оширилди. Бу борада янада серқирра тадбирлар белгиланди. Чунки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра яна икки улуғ сана Урганчда нишонланади. Миллий қаҳрамонимиз, буюк ватанпарвар Жалолиддин Мангубердининг 800 ва улуғ шоир ва аллома Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳийнинг 190 йиллиги шодиёналари воҳа маркази Урганчда байрам қилинади. Демак, бунёдкорлик, яратувчанлик, тенгсиз гўзалликлар кашф этиш яна жадал давом этади. Бу жабҳаларда меъморлар ўз зиммаларидаги масъулиятни сезганлари ҳолда олдинги сафларда борадилар. Муҳташам бинолар, сайлгоҳлар гулзорлар, хийбонлар яратишда ўзларининг бутун ижодкорлик қобилиятларини ишга соладилар.
Читать дальше
Конец ознакомительного отрывка
Купить книгу