
«Fun boys» гуруҳи концертидан сўнг синфдошларим даврасида.
Синфдошларимнинг менга муносабати ёмон эмас эди. Айниқса, «Fun boys» гуруҳини ташкил қилиб, концерт қўя бошлаганимиздан кейин яна ҳам яқин бўлиб қолдик. Мен лойиҳа режиссёри эдим. Томошаларимизда устозларнинг устидан ҳам кулардик. Ҳаммасининг эмас, албатта. Бизнингча, яхши ўқита олмайдиган, золим ва порахўр ўқитувчиларни масхара қилардик.
«Икки ярим» лақабли ўқитувчимизни яхши эслайман. Уй вазифасини қанчалик яхши тайёрлаб келмайлик, икки ярим баҳо қўярди. Бунақа баҳонинг ўзи йўқ-ку, ўқувчиларни ерга уриш учун шуни ўйлаб топган. Концертимизда «у» саҳнага чиқиб олиб: «Мен физика ўқитувчисиман, исмим Мухтазар, мана қирқ йилдан бери эрга теголмаяпман», – дерди.
Шунақа. Ҳеч кимни аямас эдик. Концертдан кейин директор мени хонасига чақиртириб, бундай «сценарийлар» учун пўстагимни қоқарди. Индамай бошимни эгиб турар, лекин концертларни тўхтатмасдим.
Бошида чипталар текин эди. Кейин ўйлаб қолдим. Биз дастур, ҳар битта саҳна, мусиқа устида ётволиб ишлаётган бўлсак, томошабинларга ёқаётган бўлса, нима учун концерт текин бўлиши керак?
Ташкилий ишларга, чипта, афишалар тайёрлашга пул тикиш керак. Ойимнинг олдиларига келдим. Улар: «Адангдан сўраб кўр», – дедилар. Аммо мен отамдан чўчирдим, айниқса, бу пулни нимага ишлатмоқчи эканимни айтишга қўрқдим. Онам менга ҳар доим ишонганлар. Йиғиб-терган ўн минг сўмларини қўлимга бердилар.
Чипта сотиб ўтиришни ўртоқларимга топширдим. Ҳеч қайсиси пул сўраб ота-онасини безовта қилмади. Бу ташкилотчининг, яъни менинг бош оғриғим эди. Ота-онам мени қўллаб-қувватлади.
Ҳомийлар билан ҳам ўзим келишдим. «Айлин» турк печеньеси мактабимиз ҳисоб рақамига 25 минг ўтказди. Мактаб директори шундан бир ярим минг сўмни овоз кучайтиргич – усилителга деб берди. Қолган пулни кўрмадим. Директор бизни чув туширди.
Яна бир ҳамкоримиз «Радио-пейдж»1 бўлди. Концертимиз ҳақида текинга эълон беришди. «Нестле» компанияси эса ўзининг зонтларини ўрнатиб, стаканда кофе тарқатди. Яна уч-тўртта ҳомийни кўндириш учун тижорат таклифи билан бутун шаҳарни айланиб чиқдим. Бошқа ҳеч ким рози бўлмади.
Равшан Собиров, Гули Толипованинг менежерларига, бошқа артистларга ҳам қўнғироқ қилиб, концертда чиқиб беришларини сўрадим. «Томсувоқ»қа кўндирдим.
Табиийки, мингта чипта сотолмадик, икки юзтаси кетди, холос. Ҳомийларнинг олдида шарманда бўлмаслик учун бўш жойларни меҳмонлар билан тўлдирдик. Меҳрибонлик уйи директорига илтимос қилиб, тарбияланувчиларини опкелтирдим.
Ҳамма йиғилди. Аммо… бирорта артист йўқ. Қўнғироқ қиламан, ҳеч қайсиси жавоб бермайди. Одамлар қарсак чала бошлади, орадан бир соат ўтди, биттасиям кела қолмайди.
Бир бало қилиб, эндигина танилаётган Даврон Эргашевни топдик, концертни шу бошлаб берди. Омадим чопиб, тадбирни олиб боришга профессионал бошловчи ҳам чиқиб қолди. Кейин Отабек Мадраҳимовга ўхшаб кетадиган бир йигитни кўрсатишди. Чироқлар ўчирилди, махсус эффектлар ёқилди, йигитчани саҳнага чиқариб юбордик, фонограмма остида «куйлади».
Викторина ўтказилди, «Нестле» кофелари тарқатилди. Хуллас, продюсер деган номимни оқладим.
Фақат кимдир «Нестле» зонтигини ўмариб кетибди. Ойимга қўнғироқ қилиб, шуниям етказишди. Ўрнига ўзларининг соябонларини кўтариб келибдилар. Йўқолган зонт эгалари матоҳлари қанчаям доллар туришини айтишди. Онам долларда олди-берди қилиб юрган бўлсалар ҳам майли экан.
Мен «Нестле» директоридан қарзимиздан кечишини ялиниб сўрадим. Ўшанда нега бизни кечирганини билмайман. Кўзига жудаям аянчли ва ростгўй кўринган бўлсам керак-да. Концертдан тушган фойдани ўртоғим ва шеригим Сардор билан совуриб юбордик. Энг зўр кўзойнак, кроссовкалар сотиб олиб, ўзимизни худди оммавий тадбирлар директорларидек тута бошладик. Ойимга бўлса олган ўн мингимдан минг сўмгина қайтардим, орттирганим шу бўлди.
Барибир концерт чиройли ўтди. Шу саккиз юз кишилик тадбирни ўтказа олганимиз ҳам бир омад, деб ўйлайман. Яратганнинг қўллагани бу. Агар қўшиқчилар келмаганида, билмадим нима бўларди, саҳнага ўзим чиқиб кетармидим…
Бизнинг ёшлигимизда бизнес қилиш бир авантюра, ғирт таваккалчилик эди. Ҳозир бўлажак тадбиркорларга аниқ, ҳар томонлама пухта бизнес-режа тузишни, пул билан имкониятларни чамалашни, бозор ва рақобатчилар ишини таҳлил қилишни ўргатишади. У пайтда эса биз ишни олди-орқамизга қарамай бош-лаб юборардик. Тайинли бир режанинг ўзи бўлмасди. Худди эшкаксиз қайиққа ўтириб олиб, оқим қайси томонга олиб кетса, манзилимиз шу экан, деб кетаётган саёҳатчиларга ўхшардик. Пул топиш учун нима қилиш кераклигини кейинроқ тушуна бошладим. «Солиқ-инфо» лойиҳаси ана шундай пайдо бўлди.
Читать дальше