Мен ўз бизнесимни бошлаб, биринчи миллионимни ишлаб топдим. Болалигимдан пул топишга ҳаракат қилардим. Афсус, режаларим доим ҳам ўхшайвермасди.

1 МТРК – Миллий телерадиокомпания.
2 «ДАВР» – МТРК «Ёшлар» телеканалининг ахборот дастурлари таҳририяти.
3 ФВВ – Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.
4 Абдусаид Кўчимов – ўзбек журналисти, 1997-2005 йилларда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси раиси.
5 «Беруний» – Тошкент метрополитени Ўзбекистон йўналишининг охирги бекати.
6 Қорақамиш – Тошкентнинг Олмазор туманидаги мавзе.
7 ТошДУ – Тошкент давлат университети. 2000 йил январдан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети.
8 Узметроном – Ўзбекистондаги мустақил сайт. 2020
йилнинг май ойигача блокда бўлган.
9 «Жемчуг» – Тошкент ш аҳридаги м ашҳур «Жемчуг» (марварид) дўкони жойлашган, кўпқаватли тажрибавий лойиҳаланган уй.
10 «Шарқ» – нашриёт-матбаа концерни.
11 Шавкат Миромонович Мирзиёев – 2003 йил декабрдан 2016 йил декабргача Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, 2016 йил 14 декабрдан Ўзбекистон Республикаси Президенти.
12 Академия – Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Солиқ академияси.

III
Шакар, ванна, пресс, баклажка
Тўқсонинчи йиллар оиламиз бой бўлмаган, лекин оч ҳам қолмаганмиз. Онам доя, отам автослесарь эди. Болалар туғилаверган, машиналар бузилаверган, ота-онам ишсиз қолмаган. Уларнинг энг катта орзуси фарзандларига яхши таълим бериш бўлган. Шунинг учун ойим ўқишимни олтинчи синфдан ЎзМУ қошидаги гимназияга (кейинчалик академик лицейга айлантирилди) ўтказган. Ҳеч кимга пул-мул бермаган. Ойим пора бериш кераклигини билмасди ҳам.
Пул – ажойиб нарса! У менга доим завқ берган. Ўзи олдиндан бошқаларга ўхшаб фақат ойликка кўниб яшаш ниятим йўқ эди. Катта бўлганимда кўп пул топишимга, хоҳлаган нарсамни сотиб олишимга аниқ ишонганман. Лекин бу кунларни узоқ кутишга сабрим чидамасди. Ҳозироқ бойиб кетиб, маҳалламиз ёшлари ҳавас қиладиган янги «қаҳрамонларимиз» – магазинчилар, чойхона ва макарон фабрикаларининг хўжайинлари, поп-корн сотувчиларга ўхшаб юргим келарди. Ҳаммасининг тагида янги машина, оёғида кроссовка, эгнида замонавий спорт кийими, жинси шим – хуллас, бутун дунёда улардан зўри йўқ.
Коммунистик мафкура пучга чиққан пайтлар. Қўни-қўшни орасида фақат бизнес, тез ва осонгина бойиб кетиш йўллари ҳақида гап-сўзлар юрарди. Биз ўн уч яшар ўсмирлар ҳам чўнтагимизда доим пул бўлишини хоҳлардик. Кўп тенгдошларим ўзи ишлаб даромад топар, кимдир оиласига ёрдам берса, яна кимдир кичик орзуларига пул йиғарди.
Мендан ёлланма ишчи чиқмади. Аммаваччамнинг жўхори қаламчалари чиқарадиган цехида бир кун ишлаб кўрдим. Арзимаган пул учун эрталабдан кечгача тер тўкиб меҳнат қилиш менга эмас экан.
Вазифам нимадан иборат эди? Жўхорини олдин «дробилка»га, кейин махсус аппаратга соламиз. Жўхори дони иссиқ ҳаво босими остида пақиллаб ёрилиб, қаламчага айланади. Иш ҳақи тайёр маҳсулотнинг килосига тўланади. Бир уюм жўхори қаламчасини чиқариб, камида ўн килограмм бўлди, деб ўйлайсан. Тортиб кўрсанг, зўрға ярим кило чиқади. Иш куни охирида аммаваччам пул ўрнига қўлимга ўзим тайёрлаган жўхоридан тутқазди. Уйга келиб, «иш ҳақим»ни столга қўйдиму ечинмасдан, ўзимни кроватга таппа ташладим. Эрталабгача қотиб ухлабман. Уйғонганимда аниқ бир қарорга келдим – мен ҳеч қачон ёлланма ишчи бўлмайман!
Гап оғир меҳнатдан қочишда эмас. Менга бировнинг чўнтагини тўлдириш учун белни букиб, эвазига арзимаган чақа топиш ёқмади. Бунақа капитализмни ҳазм қила олмасдим. Биз лицейда ўзимиз поп-корн тайёрлаб сотардик. Ўзимиз учун ишлардик, шунга меҳнати малол келмаган. Кўпи куйган, бемаза попкорнимиз унча яхши кетмасди. Бу тадбиркорлик фаолиятимда биринчи сабоқ бўлган – маҳсулотинг сотилишини хоҳласанг, ишни сифатли қил!
Ўн уч ёшимда қанд қироли бўлишга қарор қилдим. Ўзимга велик олишим керак эди. Велосипеди бор ўртоқларим учишга бермай қўйишди. Ота-онам эса: «Комилжон, великсиз ҳам доим қаёқлардадир санғиб юрасан, велосипед минсанг, сени умуман тополмай қоламиз!» – деб гапни қисқа қилишди.
Бизнес-режа бундай эди: бир қоп шакар сотиб олинади, уни қандга айлантириб, устига пул қўйиб сотилади. Шакар билан қанднинг нархи орасидаги фарқ – соф фойда.
Читать дальше