1 ...7 8 9 11 12 13 ...17 
У пайтда одамлар ФВВ ҳақида ҳеч нима билмасди, умуман, қутқарувчилар борлигидан ҳам бехабар эди.
Бошқарма бошлиғи полковник Эргаш Икромов тозаликка катта эътибор берарди. У бошқармага кириб келганида ҳовли чиннидай бўлиши, кабинетида исириқ тутатилиши шарт эди. Идора ҳовлисига ҳар куни сув сепиб, супуриб қўйилар, қутқарув машиналари ярақлаб, бирор марта ишлатилмаган техника яп-янгилигича турарди.Бошида ишимиз кўзга кўриниши учун олдин бўлиб ўтган воқеаларни саҳналаштириб, тасвирга олдик. Худди кинолардагидек, «жароҳатланган» ҳайдовчиларнинг юзига қон ўрнига кетчуп суртиларди. Сув тошқинлари, ёнғинларни ўқув машқларига ўхшатиб уюштирдик. ФВВ қандай ишлаётганини кўрсатиш учун бу қаҳрамонликларни эфирга бердик. Кейинчалик жойларга камера билан бориб, фавқулодда вазиятларни жонли тарзда суратга оладиган бўлдик.
Кўрсатув оммалашиб, одамлар Қутқарув хизматининг 050 рақамига қўнғироқ қила бошлади. Қутқарувчиларнинг қўли қўлига тегмасди: лифтда қамалиб қолганлар борми, қудуққа тушиб кетган мушук борми…
Эсимда, бир киши «Жемчуг»9 дўкони тепасидаги уйнинг тўққизинчи қаватидан ўзини ташламоқчи бўлибди. Турли хизмат вакиллари етиб келди, қутқарувчилар уни зўрға тўхтатиб қолишди. «Одам ҳаётга бир марта келади, ҳали ҳаммаси зўр бўлади» деб, яхши гапириб, худди Америка киноларидагидек роса тўрт соат насиҳат қилишди. Охири амаллаб кўндиришди. Пастга тушганида эса кетига боплаб тепиб, сўкиб-сўкиб, ўз жонига қасд қилгани учун жиннихонага юборишди. У шунча одамнинг тўрт соат вақтини ўғирлаганди!
Кўпинча қутқарувчиларни авария бўлган жойларга, машина ичида қолиб кетган одамларни чиқариб олиш учун чақиртиришар эди. Биз бу вазиятларни эфирда кўрсата бошладик. Орада ДАН ходимларининг камчиликларини ҳам гапириб ўтадиган бўлдик. У пайтда ФВВга вазир қилиб Бахтиёр Субанов тайинланган эди. Олдин Ички Ишлар вазири ўринбосари лавозимида ДАН соҳасини назорат қилган Субанов худди собиқ ҳамкасбларидан ўч олаётгандек бўлиб қолди.
Вазир Матбуот хизмати бошлиғи лавозимига ўзининг одамини қўйди. Янги раҳбарим менга эфирда ўлим ҳолатларини кўрсатишни ва ИИВни танқид қилишни тақиқлади.
Мен эса «хўп» деб, барибир ўз билганимдан қолмадим. Нимани лозим топсам, эфирга беравердим. Бу ИИВ вазири Алматовга тегиб кетибди. «Сенинг кўрсатувларингни деб, ИИВнинг бошида калтак синди, Президент аппаратидан гап эшитишди», – дейишарди менга. Тошкент шаҳар ИИБга Алламжоновнинг овозини ўчириш буюрилди. «ИИБдагилар чўнта-гингга наша ташлаб қўйиб, қаматмоқчи», – деган гап қулоғимга етиб келди. Одатда яхшиликча кўнмайдиганларни шундай жазолашарди.
Бир куни эрталаб ишга келсам, атроф тўла милиция, Алламжоновни қидиришяпти. Яна жанжалнинг уясига тушиб қолдим. Ўшанда мени полковник Икромов ҳимоя қилиб, қутқариб қолди, шу боланинг ҳаёти барбод бўлмасин, деди. Шундан кейин бир ой уйдан чиқмай қўрқиб ўтирдим. ДАН ходимлари ҳар куни ҳайдовчимни тўхтатиб, майда-чуйда айб топиб, бошини қотиришарди.
ФВВда олган биринчи маошимни ҳамкасб акахонларим билан «ювиб» йўқ қилганмиз. Уйга обориб, ойимга кўрсатаман деб шунча кутган пулимни ҳамтовоқларимга ичириб юборганман. «Шарқ»нинг10 пастидаги кафеда жой айтиб қўйишган экан, биринчи ойлигим зиёфатга кетган. Уйга арзимаган уч-тўрт сўмни кўтариб келганман.
Иккинчи ойлигим ҳам худди шунақа қилиб ҳавога совурилди. Ёши катта, азамат икки ҳарбийга нима ҳам дея олардим?
Кейинги гал айёрлик қилдим. Пулимни энг охирида, ҳаммадан кейин берасиз, деб кассир опа билан келишиб қўйдим. Ойлигимни олдиму ғаройиб бошлиқларим, оғайниларим мени тутиб олмасидан уйга қараб қочдим.
2005-2006 йй.
Парпиев Давлат солиқ қўмитаси раиси лавозимини эгаллаганида унинг биринчи ўринбосари Эркин Файзиевич Гадоев эди. Ислом Абдуғаниевич «бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил» деган сиёсатни олиб борар, вазир ўринбосарлари раҳбарига нисбатан доим киши билмас оппозицияда бўларди. Каримов шу йўл билан ўзига керакли маълумотни йиққан бўлиши мумкин, лекин бу нарса жамоавий ишни ўлдирар, фақат ички фитналарни келтириб чиқарарди. Тизим иерархияси бўйича ҳар бир ходим кимнингдир одами эди: Парпиевнинг одами, Гадоевнинг одами, Азимовнинг одами… Бунақа шароитда ишни бошқариш учун раҳбар ўз тактикасига эга бўлиши керак. Парпиев солиқ қўмитасига ўтганида ҳаммага ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзишни таклиф қилди. Янги жамоа тузишини айтди. Ҳамма ариза ёзди. Кейин Ботир Раҳматович хотиржам ўтириб, бўлаётган қўнғироқларни, ким ким учун илтимос қилиб чиққанини ёзиб олди ва кучлар тақсимотининг тўлиқ жадвалига эга бўлди. Қойилмисиз?
Читать дальше