Улғайиб борар эканмиз, биз билган нарсалар кўпайиб боради. Аввал айтганимдек, ақлимиз билган нарсаларини қонун қилиб ўрнатиб қўяди. Бориб-бориб, бундай қонунлар шу даражада кўпайиб кетадики, улар янги билимга интилиш истагини енгиб кетади. Киши ўз ҳаётий тажрибасига шубҳа қилмайди ва ҳаётни ҳозиргача билган нарсалари доирасида таҳлил қилиб яшайверади.
Аммо ўйлаб кўринг. Ахир, дунё – бу чексиз ҳақиқатлар макони.
Сатҳи футбол майдонига тенг оқ қоғозни тасаввур қилинг. Мана сиз унинг устида юрибсиз. Қўлингизда қалам. Қани, шу қалам билан қоғозга тангадек айлана чизинг. Бўлдими? Яхши. Энди унинг ёнига коптокдек айлана чизинг. Буни ҳам уддаладингизми? Офарин. Энди катта дошқозон оғзидек айлана чизинг. Бу ҳам жуда осон – шундай эмасми? Энди учала айланага қаранг – диққат билан қаранг.
Сизнинг билимларингиз худди айланадек чексиз катта дунёнинг бир бўлагини ажратиб беради. Билимингиз қанча кўп бўлса – қоғоздаги айланангиз шунча катта демак. Лекин сиз ўз айланангизни чизиб, унинг ҳошияларини қалинлаштириб мустаҳкамлаб қўйсангиз – айланангиз ўсишдан тўхтайди.
Англаб турганингиздек, айлана қанча катта бўлса, шунча яхши. Бироқ мен сизга билим айланангизни иложи борича каттароқ чизишни эмас – уни ўсишдан тўхтатмасликни таклиф қилмоқчиман. Ахир, тинимсиз ўсиб борган айлана бир кун келиб футбол майдонидан ҳам каттароқ бўлиб кетиши мумкин…
Биз билишимиз мумкин бўлган ҳақиқатлар чексиз кўп. Унинг бир қисминигина ажратиб оладиган ва шу билан чекланадиган одамлар – ўз манфаатларига зид иш қиладилар. Улар одатда «Мен билган нарсаларим – ҳақиқат. Ундан бошқа нарсалар – сафсата ва мен бу сафсатага қизиқмайман» каби тамойилда яшайдилар.
Чинор навдасини гултувакка экиб қўйсангиз, унинг илдизлари тувак сополига қадалиши билан, у ўсишдан тўхтайди ва тез орада қуриб қолади. Ваҳоланки, унинг ўсиш муҳити тувак билан чекланмаганда – у улкан ва барҳаёт дарахт бўлиб етишар эди.
Сиз – улуғликка аталган бекам қалб эгасисиз. Шундай экан, шахсиятингиз дарахтини ўсишдан тийиб турган ақл чекловларидан халос бўлинг. Бунга эришиш осон эмас. Аммо натижа – барча уринишларингизни оқлайди.
Ақл қамалида қолган шахсият шаҳрини ташқаридан келган кучлар озод эта олмайди. Яъни мен сизнинг шахсиятингизни чекланишлардан халос қила олмайман. Мен сизга буни қандай қилиш мумкинлигини айтоламан, холос. Бундай қаҳрамонликка золим шоҳнинг гапига ишониб яшаётган шаҳарликларгина қодир. Сўнгги қарор қалбингиздан …
Энди китоб аввалида сизга берган саволимни такрорлайман: сиз кимсиз?
Биз бу дунёда атиги бир заррача эканимизни тасдиқловчилар ҳақ – фақат бу заррачанинг қудрати ҳақидаги ҳақиқатни улар эътиборсиз қолдиришган.
Ҳар бир одам, ҳайвон ёки ўсимлик – бу дунёда бор-йўғи бир зарра. Аммо ана шу миллиардлаб зарралар хоҳишига қараб дунё ўзгариб боради. Ана шу зарраларга дунёни ўзгартириш қудрати берилган. Энг майда вируслардан тортиб, уммондаги улкан китларгача дунё шаклланишига ўз ҳиссасини қўшади.
Ҳар бир жонзотнинг ўз аҳди бор. Ҳар бир организмнинг ўз мақсади бор. Егулик топиш, ҳимояланиш, насл қолдириш ва бошқа кўплаб мақсадларни кўзлаб табиат фарзандлари атроф-дунёни ўзгартирадилар.
Биз ўсимликларни ҳар қандай ҳиссиёт ва ички кечинмалардан маҳрум мавжудот деб ҳисоблашга кўникканмиз. Тўғри-да – улар мева ёки дон тугиб бизни боқиш, поялари чорвамизга ем бўлиши, таналари бизга иссиқлик ёқилғиси бўлиб хизмат қилиш учун яратилган. Гулзордаги гуллар, ўрмондаги дарахтлар, даладаги экинлар, боғдаги мевалар – улар нимани ҳам ҳис қилиши мумкин. Уларда қандайдир туйғулар бўлиши мумкинлиги ҳақидаги гап жуда кулгили эшитилади.
Уни қарангки, ўсимликлар ҳам қўрқув, ҳаяжон, севиниш каби туйғуларни ҳис этар экан. Улар ҳатто севишга қодир десам нима дейсиз? Ишониш қийин-а? Аммо бунинг илмий исботлари бор.
Америкалик олимлар оддий тажрибада ўсимликлар ҳақида кўп нарсаларни кашф этишди. Улар маккажўхори танасига жуда кучсиз электромагнит тўлқинларни ўлчайдиган асбобни улаб қўйишган. Бир ҳафта давомида ўсимлик ўсаётган хонага навбат билан икки ёрдамчи киритилган. Бири ўсимлик билан жуда мулойим муносабатда бўлган, майин мато билан унинг баргларини тозалаб турган, унга сув қуйган ва ширин гаплар билан эркалатган. Иккинчиси ҳар сафар хонага қайчи кўтариб кирган, ўсимлик баргларини қирқиган, унга қўпол муносабатда бўлган, ёқимсиз гаплар гапирган.
Читать дальше