Билимга ақлсиз ҳам эга бўлиш мумкин. Шердан қочаётган кийик йиртқич унга етиб олса, унинг ҳаёти барҳам топишини билади – гарчи буни англамаса ҳам. Бу билимни унга қалби етказади. Бу билимни унга табиат ато этган.
Аслида қалб дунё билимлари майдонига тўғридан-тўғри улана олади. Кўнгилнинг бу қобилиятидан бошқа жонзотлар усталик билан фойдаланадилар. Инсон эса ақлига таяниб атроф дунёни ўрганишга шу даражада кўникиб кетганки, буни қалби орқали амалга ошириш қобилиятини сустлаштириб қўйган.
Интуитсия (қалб билими) шу даражада тўғри ишлайдики, кўпчилигимиз бунга шахсан амин бўлганмиз ва буни рад эта олмаймиз. Бирор ишга кўнглингиз бўлмаса, бирор жойга оёғингиз тортмаса, ёки ичингизда нимадир сизга бирор ишни буюриб қолса – сиз билан қалбингиз сўзлашяпти демак. Она фарзанди узоқ сафардан қайтаётганини сезиб туради. Баъзи одамлар эса ўз ҳаётлари поёнига етаётганини аввалдан билиб, бунга тайёргарлик кўра бошлайдилар.
Қалб билиши мумкин бўлган нарсалар на вақтда ва на фазода чекланган бўлади. Ақлга эса маълумот олиш учун восита керак (кўз, қулоқ ва бошқа сезги органлари каби). Кўнгил билмаган нарсани ақл билиши мумкин эмас – аммо ақл билмаганини қалб билади. Интуитив билимлар шунинг учун ҳар доим тўғри бўлади.
Бу дунёда бошқалардан кўпроқ ёки озроқ биладиган одам йўқ – ҳар биримизда чексиз билим манбаи – қалбимиз бор. Дунё деган муаллимдан сабоқ олиб, қалб деган дарсликдан кўпроқ мутолаа қилиб турсак – бахт учун ана шу етарли.
Гапларим худди телбаликни тарғиб қилаётгандек туюлиши мумкин. Аммо менинг мақсадим сизда ақлдан воз кечиш истагини уйғотиш эмас. Тўғри, телба одам бахтли яшайди, чунки у ғам-ташвишни билмайди, англамайди. Аммо, унутмангки, у бахтли ҳаёт кечираётганини ҳам англай олмайди.
Ҳайвон ва ўсимликларнинг буюклиги шундаки, улар ўз буюкликларини билмайдилар ва ундан мағрурланмайдилар. Бизнинг бахтимиз шундаки, биз ҳаётимизнинг бахтли онларини идрокан ҳис эта оламиз, бунга шукрона келтира биламиз. Балки, бизнинг ягона буюклигимиз ҳам ана шундадир…
Бўлди. Энди китобни ёпинг-да, камида бир соат дам олинг. Бу вақтда бугунга режалаштирган бошқа ишларингизни қилиб олишингиз мумкин. Фақат у қоғозга тикилиб қилинадиган иш бўлмасин. Кўзингизга дам беринг – сайрга чиқсангиз ҳам майли. Бу муддат сиздаги иштиёқ даражаси бироз кўтарилиб олиши учун зарур.
Бир соатдан сўнг кўришамиз.
Келинг, сизга бир эртак айтиб берай.
Қадим-қадим замонларда бир шаҳар бўлган экан. Унинг бир золим подшоҳи бўлиб, у фақат ўз билганича иш тутар, на вазирларининг маслаҳатларига ва на шаҳар аҳолисининг арзларига қулоқ солар экан.
Узоқ ўлкалардан келувчи савдогарлар шаҳарликларга бошқа мамлакатларда одамлар қандай эркин яшашлари, маданий ривожланишда катта ютуқларга эришгани, ўз табиатларини маънавий юксак қилиб тарбиялашгани ҳақида айтиб берар экан. Шаҳарликлар бу гапларни ҳавас ва надомат билан эшитар, борган сари ўз шоҳларидан норози бўлиб қолишар экан.
Аҳоли орасида бундай норозиликни бартараф этиш ва бўлғуси ғалаёнларнинг олдини олиш учун маккор шоҳ ўз шаҳри дарвозаларини батамом беркитиб, шаҳарни ташқи дунёдан узиб қўйишга қарор қилибди.
Бу қарори шаҳарликларнинг кучли норозилигига сабаб бўлишини билган шоҳ вазиятдан чиқиб кетишнинг жуда айёр йўлини топибди. У ўз аскарларининг бир қисмини тунда яширинча шаҳар ташқарисига олиб чиқиб, уларни ўзга мамлакат аскарларидек кийинтирибди. Уларга тонг отиши билан шаҳарга ҳужум қилиб, уни қамалга олишни буюрибди.
Эртасига сохта лашкар шаҳарга ҳужум қилибди. Шоҳ ҳимояланиш важи билан шаҳар дарвозаларини мустаҳкам беркитишни буюриб, ҳар бир дарвозага қаттиққўл соқчи қўйибди. Кимки шаҳардан чиқишга ҳаракат қилса, у душманга сотилган хоин сифатида қатл этилиши эълон қилинибди.
Шу тариқа шаҳар аҳолиси қамал остида эканига ишонтирилибди. Йиллар ўтибди ҳамки, подшоҳ ҳийласи бўлган «душман» қамални ечмабди.
Ўсиб бораётган шаҳар аҳолисига турар жой ва озиқ-овқат етишмай қолибди. Устига-устак, шаҳарда турли касалликлар тарқай бошлабди. Натижада аҳоли ўсишдан тўхтабди. Озиқ-овқат ва яшаш муҳити учун рақобат кучайгани сари, одамлар ваҳшийлашиб, тубанлашиб борибдилар.
Атроф дунё ривожланишда давом этаверибди. Аммо қамалдаги шаҳар бузғунликка дучор бўлибди. Ўттиз йилдан сўнг шаҳар аҳолиси икки баробарга қисқариб кетибди. Ярим асрдан кейин эса шаҳарда золим шоҳ ва унинг яқин соқчиларидан бошқа ҳеч ким қолмабди…
Читать дальше