Бу тизим ривожланиши билан эски – даврий босма нашрларнинг йўқолиши муқаррарлиги ҳақидаги башоратлар тез-тез билдириладиган бўлди. Аммо бу башоратлар ўзини оқламади. Газета ўлмади, балки янги шароитга мослаша олди. Яшаш шароити ўзгариши билан газетанинг ўзи ҳам ўзгарди, мосланувчанлиги ва мослашишга қодирлигини намоён қилди. Газеталарнинг ихтисослашув жараёни кучайди: ҳамма учун мўлжалланган нашрлардан ташқари турли ижтимоий гуруҳлар ва тузилмалар, махсус ўқувчилар доираси учун мўлжалланган кўплаб газеталар пайдо бўлди.
Босма оммавий ахборот воситалари бошқа ОАВлар билан қиёслаганда муҳим афзалликка эга. Бу афзаллик қоғоз варағининг моддий экани билан боғлиқ. Газета хабари босилган қоғоз босма даврий нашр сонининг мазмунини узоқ вақт сақлашни таъминлайди. Газетани тўлиқ ёки қисман ўқиш, уйга олиб келиб охиригача ўқиш, архив учун олиб қўйиш ва у сақланиб турса, исталган вақтда олиб ўқиш мумкин.
Бугунги кунга келиб, босма оммавий ахборот воситалари, айниқса, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг газета ва журналлари таҳририятларининг молиявий ва иқтисодий аҳволини яхшилаш, уларнинг моддий эҳтиёжини таъминлаш бўйича муассислар зарур даражада амалий ёрдам бериши, таҳририятларда фаолият юритаётган ходимлар меҳнатини қадрлаш, журналистларга меҳнатига яраша кафолатланган ойлик маош бериш тизимини ташкил этиш ва уларнинг мақсадли сарфланишини назорат қилиш, даврий босма нашрларни янада оммалаштириш ва маълумот тарқатиш суръатини тезлаштириш мақсадида интернет тармоғида ҳам нашрларнинг электрон вариантларини шакллантириш эҳтиёжи юзага келмоқда.
Мана шулардан келиб чиққан ҳолда, босма нашрларнинг айни ҳолати, улар дуч келаётган молиявий-иқтисодий муаммоларни ўрганиш, медиаконвергенциялашув шароитида келгусидаги фаолиятини прогнозлаш долзарб вазифадир.
Тадқиқот объекти ва предмети.Бир қатор хорижий нашрлар, жумладан, АҚШ, Франция, Россиянинг босма нашрларига оид бир қатор материаллар, «Газеталар шарҳи» телеграм канали материаллари, тираж, аудитория масаласини ўрганишда «Халқ сўзи», «Ишонч», «Маҳалла», «Миллий такланиш», «Маърифат», «Маданият», «Тошкент ҳақиқати», «Ишонч – Доверия», «Правда Востока», «Ҳуррият», «Қишлоқ ҳаёти», «Ўзбекистон адабиёти ва санъати», «Ўзбекистон овози», «Адолат», «Тошкент оқшоми», «Вечерний Ташкент», «Ўзбекистон футболи», «Спорт», «Спорт+», «Болалар спорти», «Ўзбекистон бунёдкори», «Тонг юлдузи», «Академия ёшлари», «Норма», «Норма маслаҳатчи», «Солиқ ва божхона хабарлари», «Налоговые и таможенные вести» ва бошқа оммавий ахборот воситаларига оид статистикалар, узатилган журналистик материаллар, экспертлар муносабатлари тадқиқот объекти ҳисобланади.
Тадқиқот предмети эса босма нашрлар истиқболи прогнози масаласидаги қарашлар, рақамлашув ва глобаллашув силсиласида матбуотнинг тақдири масаласидир.
Тадқиқот мақсади ва вазифалари. Босма нашрларнинг айни кундаги молиявий-иқтисодий ҳолати, капитали, фонди, бухгалтерлик ҳисоб-китоблари, маркетингини ўрганиш асносида медиаконвергенция шароитида газеталарнинг ахборот бозорига мослашуви бўйича юзага келаётган муаммоларни аниқлаш, жаҳон журналистика ва оммавий коммуникация фанида босма ОАВ истиқболи, прогнози бўйича қарашларни ўрганиш, янгиланишлар силсиласида олти асрлик тарихга эга бўлган матбуотни сақлаб қолиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш мақсад қилинган. Уни амалга оширишда қуйидаги вазифалар бажарилади:
– Ўзбекистонда ҳукумат томонидан босма нашрларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар билан танишиш;
– медиа бозорида босма нашрларнинг ўрни ва тараққиёт тенденцияларини таҳлил этиш;
– босма ОАВнинг асосий муаммолари ва уларнинг ечимларини аниқ мисоллар ёрдамида аниқлаш;
– медиакомпаниялар самарадорлигини баҳолаш;
– дистрибуция бозори: ҳукумат қўллаб-қувватловисиз обунани сақлаш имкониятлари;
– интернет, рақамли технологиялар ва ижтимоий тармоқларнинг босма нашрлар фаолиятига таъсирини кўриб чиқиш;
– прогнозлар, таклиф этилаётган тараққиёт моделлари ва концепциялари асосида тавсиялар ишлаб чиқиш;
– босма нашрлар саноатини сақлаб қолиш, ривожлантириш истиқболини асослаш.
Илмий янгилиги. Медиаконвергенциялашув шароитида таҳририятлар иқтисодий бошқарувида кечаётган мураккаб жараён ва айрим инқирозли ҳолатлар босма оммавий ахборот воситалари соҳасида янги тадқиқотлар олиб боришни тақозо этмоқда. Интернет ва рақамли технологиялар таъсирида газета-журналларга қизиқиш тобора пасайиб бораётган бир пайтда босма оммавий ахборот воситаларининг иқтисодий мураккаб ҳолатга тушиши таҳлили ва ундан чиқиш йўллари тадқиқига доир илмий изланишлар бошланғич босқичда тургани мавзунинг янгилигини белгилайди.
Читать дальше