Бирдан 40 ёшларимда кўп қаватли уй томининг рахида пайдо бўлдим. пастга қарасам шаҳар митти бўлиб кўринаяпти. Оёқларим остида томнинг рахи эмас, қир лолалари қийғоз очилган. Аста ўгирилиб ортимга қарасам, қандайдир дашти биёбон. Дашт бўлиб дашт эмас, боғ бўлиб боғ эмас. Дарахтларининг учлари қуриган-у, пастдаги шохларида сар ҳил мевалар ғарқ пишган. Энг қизиғи шуки боғ ичида бир гала хотин-халаж, олдиларига катта қанор қопни осиб, мева эмас пахта теришаяпти. қандайдир қўрс овоздан ортга ўгирилдим, бояги бувам. Ҳаёт пайтларида ўта қўрс, қўпол одам бўлган дейишади. Худди мен бирор ножўя иш қилиб қўйгандек хўмрайганча менга гувала узатдилар…
Чўчиб уйғониб кетдим. Ҳайтовур тушим экан, тинчлик бўлсин-да ишқилиб. Эрта тонг бўлишига қарамай мозор бошига бордим. Икки калима қуръон тиловат қилиб, кейин ишларимга кетаман деб ният қилдим.
Дарбозадан киришим биланоқ, Шовқин-суронли гавжум дунёдан, бамисоли сирли оламга тушгандек, юрагимга аланечук совуқ югурди. Бир икки қадамга мендан илдамлаб, иккита белкурак ва битта кетмонни устига эски пақирни тўнкарганча, арава судраб кетаётган, ёши чамаси 19—20 лар орасидаги гўрковнинг ёрдамчиси, ва мендан бошқа ҳеч зо йўқ, йўлакдан юриб борар эканман, йўл четларига девор мисоли зич экиб чиқилган пакана буталар гуркираб, ям-яшил баргларини офтоб саҳарлаб силаётган бўлса-да, назаримда ғамгин нола қилаётгандек гўё.
Оҳ, тилсиз, забонсиз қадрдонларим, бу дунёда кўксингизни кериб, босган шаҳдам қадамларингиз остида чанги чиққан ўша каро тупроқ, бугун сизни ўз бағрида эркалаяптими?
Ёхуд… Алҳазар… ўйлашга ҳам қўрқасан киши. Қабрлар оралаб юрар эканман, ушбу қабр ахли, ўз вақтида шу сокин осмон остида Аллоҳга қул бўлганмикин ёки акси дейман-у, бир кун келиб ўзим ҳам уларнинг қаторидан жой олишимни ўйлаб, ўзимга ўзим: уларни кўриб фикр қил, эй инсон оҳирингда ҳолинг шу, шукр қил Аллоҳ сенга улардан кўра кўпроқ вақт берибди, зикрингни айтиб қол, – дейман. Қиёмат яқин, огоҳ бўлинг, огоҳ бўлинг деганча, зич қаблар орасига, бир оёқ аранг сиғадиган ерга эҳтиётлик билан қадам босиб, бувамнинг қабрлари тепасига ўтиб олдим. Ё алҳазар, яқиндагина келиб кетган эдим, оралатиб жой қолдирилган қабрлар, бугунга келиб зичлашиб кетибди-я. Янги сувалган, бир каллача келадиган қабрлар ҳам кўпайиб кетибди. Қиёматга яқин туғилиш ва ўлиш тезлашиб кетади деб эшитгандим, атрофдаги устма-уст, зич қабрлар неча сотиҳ жойни эгаллаганини кўриб, беихтиёр ер юзида тирик жон қолдимикан деган хаёл онгимда айланди. Юрагим сесканиб, ортга бир тисландим.
Оилавий хилхонамизни тозалатиб, суватгач, тиловат бошлаган эдим ҳамки, шу яқин атрофдан кимнингдир дод-фиғони қулоғимга чалинди. Атрофга алангладим, сал нарироқда бўй-бастидан кино актёрларни эслатадиган, қорамағиздан келган бўлса ҳам истараси иссиқ, кўзлари думалоқ, қошлари қуюқ, қорайиб кўриниб қолган соқолидан афғонларга ўхшаб кетадиган, эгни боши дуб—дуруст бир йигит қабр устига пул сочаяпти.
– Бу пулларимда сизнинг ҳам ҳаққингиз бор эди устоз. Негамени кутмадингиз – деб тиз чўкканча ўкириб-ўкириб йиглаяпти.
Қараб турдим, бу беодобликни кўриб, агар энгил-боши сотиб кўймаганида девона-да, деб йўлимда давом этган бўлардим. Лекин йўқ, қизиқувчанлигим устун келди чоғи, олдига аста-секин кимнингдир қабрини излаган кишидек яқинлашдим ва дедим:
– Тинчликми биродар? Нима сабабдан бундай қилаяпсиз, ахир майитга бундан нима наф? Энди онангиз…, – дейишимни биламан.
– Мен ҳаққимни адо этолмадим! Кеч қолдим, кеч тушунаяпсизми? Кеч! – Дея силталаб, дағ-даға қилиб берди. Йўқ, мен хафа бўлмадим, аксинча қизиқиб қолдим. Уни нимага кеч қолгани мени жуда қизиқтира бошлади. Аммо ҳозир мавриди эмасди. Шу сабаб бир четга шинамгина, икки кишилик, тахтадан ясаб, оқ рангга бўяб қўйилган ўриндиқда ўтириб тиловат бошладим. У ҳам бироз ўзини тутиб олдимга келиб ўтирди, тиловатимни узоқ тинглади. Мен эса ҳарчанд қизиқишим ошмасин, ҳатто сўрамадим ҳам. У чуқур хўрсиниб, ўзидан ўзи гап бошлади:
– Мен… – деди у ютинганча, – мени телба деб ўйладингиз-а отахон, ҳа телба эдим, бир пайтлар сўқир эдим. Мени кўзларимни очган, бу дунёни танитган шу марҳума, фариштасифат аёл эди.
– Онангизмиди? – дедим, худди менга буни алоқаси йўқдек, ўзимни бамисоли шошаётган киши кўрсатиб. Аммо мен унчалик ҳам шошмаётган эдим. Ишим бошланишига ҳали вақт бор, қолаверса менга қизиқ эди.
– Йўқ, аммо онамдан ҳам аъло эди. 4-ёшимда ота-онам ажра-
либ кетишди. Онам аввалига ишлаб ҳалол пул топиб, мени боғчага берди. Кунларимиз қийинчиликда бўлса-да, аммо мазмунли ўтарди. Аммо бу узоққа чўзилмади. Бора-бора онам ўзгарди, ғалати дугоналари пайдо бўлди. Ҳатто баъзан мени боғчадан олишни ҳам унутиб қўярди, – деб у менга ҳикоясини гапириб берди.
Читать дальше