Ходимларни аттестациядан ўтказиб, бир кун ичида бир неча кишини ишдан бўшатдим. Кейин бутун жамоа олдида Мониторинг маркази директори Хуршид Маматовни лавозимидан олдим. Айнан унинг гуруҳи
Яхшиямки, ишдан кетганимга ачинган оддий журналист ва блогерлар ҳимоя қилишгани, бўлмаса булар мени янчиб ташлашга тайёр эди.
Мониторинг маркази ЎзМАА ичидаги энг ёпиқ тузилма бўлиб, ҳеч қайси директор унинг остонасидан ҳатлаб ўтмаган. Бир куни хонамдан чиқарканман, бегона кишининг котибимга сурбетларча ўшқираётганини эшитиб қолдим. Котибиятдаги йигитлар эса индамай туришибди.
– Сиз кимсиз? – сўрадим мен.
– Мен Мониторинг марказиданман! – менсимай жавоб берди у.
Улардан ҳамма чўчирди, чунки ўзларини салкам бутун олам хўжайинларидек тутишарди.
– Чиқиб кетинг бу ердан! – аслида бундан қўполроқ гапирдим. – Ким бўлибсиз, ходимларимга дўқ урадиган?
Кўринишидан зиёли ва оғир-босиқ раҳбардан бунақа муомала кутмаган ҳалиги киши довдираб қолди. Индамай чиқди-кетди. Мен ўша заҳоти Мониторинг марказидагиларни йиғилишга чақирдим.
Кириб борганимда, ҳамманинг кўзи менда, биров қизиқиб, биров хавфсираб қараб турарди.
– Ҳозир сизларга қиладиган яхшилигим шуки, – дедим Марказнинг директори ва яна бир неча ходимга, – ўз аризангизга кўра ишдан бўшатаман ва сизларни хотирамдан ўчириб ташлайман!
Мониторинг марказига шу пайтгача амалда ҳамма ишни юритган Дилноза Зиёмуҳамедова5 директор бўлди. Ҳозир у Президент Администрацияси раҳбарининг ўринбосари. Фаҳм-фаросатли, ҳаракатчан оддий ходимларни директор ўринбосарлари лавозимигача кўтардим. Муддат қўйдим, йўл-йўриқ кўрсатиб, ҳаммани ишга солиб юбордим.
Энди энг улкан ва бўйсунмас кит – «Ўзбекистон» нашриёти қолди. Ўша, директори «гапирсам, эрталабгача ўтирамиз», – деган нашриёт. Ростдан ҳам янги вазирга айтадиган гаплари кўп экан – типографиядаги қўшиб ёзишлар, талон-тарож, мулкни ўзлаштириш ҳолатларининг тарихи жуда узун, Иттифоқ даврига бориб тақаларкан. Ҳукуматнинг барча доиралари билан алоқалари зўр йўлга қўйилган. Ҳатто қўшни давлатлар миқёсида ҳам. Ўз-ўзидан маълумки, ҳамма ҳужжатлари жойида. «Ўзбекистон» республикага вагонлаб қоғоз олиб кирадиган нашриёт эди. Айрим фактларни таҳлил қилган ҳолда, катта эҳтимол билан давлат курсида олинган қоғоз мамлакат ичида бозор нархида сотилганини тахмин қилиш мумкин. Ўртада жуда катта пул айланарди. Шунинг учун нашриёт директори мени раҳбар сифатида тан олмади, топшириқларимни бажаришни хаёлига ҳам келтирмади. «Серый кардинал» Маҳмуджон Зайтаев6 бўлиб чиқди. Лавозимида эллик йилдан бери ўтирган мансабпараст, амалдор бу отахон ҳеч нимадан тап тортмасди.
Типография доим давлатдан катта буюртмалар олиб, дарслик, кундалик ва дафтарлар чоп этса ҳам, давлатга фойда келтирмас, аксинча, зарарга ишларди. Аслида даромад кимларнингдир чўнтагига тушар, тизимда меҳнат қилаётган 650 нафарга яқин ишчи эса арзимаган маошини ҳам вақтида ололмасди.
Уларнинг даромад топиш йўлларини ўрганиб, «Қойил!» деб юбордим. Қоғоз салфетка-сочиқчалар ва ҳожатхона қоғози ишлаб чиқарувчиларга ўрам-ўрам чиқиндини ҳам пуллашар экан, шоввозлар! Табиийки, ундан ҳам «откат» – улуш олишган. Хуллас, ҳамма нарсадан пул қилинган. Алмисоқдан қолган нашриёт ускуналари эса тез-тез ишдан чиқар, уларни янгилаш ва замонавий техникани ишга тушириш зарур эди. Лекин эҳтиёт қисмлардан ҳам «откат» олмаса бўлмайди.
Менинг ҳисоб-китобимга кўра, кимларнингдир чўнтагига ҳар йили миллионлаб доллар тушган. Мамлакатдаги энг йирик нашриёт эса талон-тарож қилинган, вайрон бўлган. Лекин бу менинг шахсий кузатув ва хулосаларим. Мен тергов олиб борадиган, кимгадир айблов қўйиб, далил қидирадиган прокуратура эмасман. Аммо ўз фикримни айтишга ҳаққим бор, буни менга ҳеч ким тақиқлай олмайди.
Майли.
Янги йил арафаси. Ишчиларга мукофот пули тарқатилсин, деб топшириқ бердим. Корхонанинг ўзида катта саҳна қурдик. Шерали Жўраев, Юлдуз Усмонова каби санъат юлдузлари, таниқли қўшиқчиларни таклиф қилдик.
Ўзиям роса қиздиришди!
Концертдан кейин, зиёфат охирида сўзга чиқдим.
– Кайфиятлар қалай? – сўрадим йиғилганлардан. – Нимага баъзиларнинг юзида хурсандчилик кўрмаяпман? Янги йил байрам-ку?! Мана, мукофот пули олган бўлишингиз керак…
Читать дальше