– Хавотир олманг, Комил Исмоилович, типографиялар бизга оборотидан 2% ўтказса, маошни ёпамиз.
Бу ҳақда тўлиқроқ маълумот беришни сўраб, ўзим учун қизиқ нарсаларни билиб олдим. Тўғри, тизимдаги ҳамма ташкилотлар ЎзМААга бўйсунади. Яъни, мантиқан олганда, улар бош идорага гап-сўзсиз маб-лағ ўтказиши шарт. Аммо ҳеч қачон бундай бўлмаган. Бош ҳисобчи ҳар ой ходимларга маош тўлаш вақти келганда: «Илтимос, бизга маблағ ўтказиб беринг», – деб ялинишга тушади. Ва ҳар гал: «Имкон туғилса, берамиз. Бўлганда оласизлар», – деган кибрли жавобни эшитади.
– Комил Исмоилович, уларни кўндираман, шу пайтгача амаллаб келганмиз, – деди ҳисобчи мени «юпатиб».
Демак, бешта нашриёт: «Ўзбекистон», «Ўқитувчи», «Ғафур Ғулом», «Чўлпон» ва «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» олдин ўзини тарозига солади. Охири раҳбариятнинг илтимосини бажарган бўлиб, пул ўтказади, худди эҳсон қилгандек.
– Унақаси кетмайди, – дедим.
– Ия, Комил Исмоилович, соҳанинг китлари-ку улар! Қўйинг, аралашманг, ўзим ҳал қиламан.
Бош ҳисобчи йиллар давомида қуйи ташкилотлардан тиланиб пул ундиришни оддий ҳол деб келган. У ўзича мени бу ёқимсиз жараёндан асрамоқчи бўлди.
Мен ЎзМААга бўйсунадиган барча ташкилотлар раҳбарларини катта умумий мажлисга чақиртирдим. Навоий номидаги Миллий кутубхона директори ўша заҳоти иши кўплиги, келишга вақти йўқлигини айтди. «Қарши бўлмасангиз, кейин ўзингизга алоҳида учрарман, майлими, Комилжон?»
Мен белгиланган вақтда келдим. Вазир курсисига ўтирдим. Одамлар хонага кириб-чиқиб, у ёқдан-бу ёққа юришибди. Мени бир тийинга олишмаяпти, худди бу ерда умуман йўқдекман. Индамай, сабр қилиб турдим. Охири чидолмадим:
– Марҳамат қилиб ўтириб олинглар. Бошлаймиз. Бир-биримизни озгина ҳурмат қилайлик.
Ҳамма жойлашиб олди. Менга ёв қараш қилиб ўтиришибди, суҳбатнинг белига тепдим-да! Энг гигант нашриёт – «Ўзбекистон»нинг директорини турғиздим.
– Қани, гапириб беринг-чи, ишлар қандай кетяпти?
– Агар мен гап бошласам, бу ерда эрталабгача ўтирамиз, – жавоб берди у менсимайгина.
– Керак бўлса, ўтирамиз, – дедим мен. – Бошланг.
Бу ҳақда ҳозир гапириш осон, лекин тартиб ўрнатишнинг ўзи бўлмади. Ишни ЎзМАА директори номидан бинода ўтирган барча ижарачиларга хат ёзишдан бошладим: «Тез кунда эгаллаб турган хонангизни бўшатишингизни сўрайман».
Ижара тўловининг шарти оддий экан: Агентлик ҳисоб рақамига арзимаган маблағ ўтказилади, қолган пул нақд берилади. Хомчўт қилиб кўрдим. Ойига эллик минг доллардан кўпроқ пул келиб турган. Шун-ча пул қаёққа кетган, билмайман. Бош офисга пул тушадими, йўқми, ҳеч кимни қизиқтирмаган. Бино эса харобага айланиб бўлган.
Менга бу пулнинг кераги йўқ эди. Қўл остимдагилар сал ҳайрон бўлишди. Тўғри, бизнес билан шуғулланишимни, ўзимга яраша даромадим борлигини ҳамма билади, лекин пул ҳеч қачон ортиқчалик қилмайди-ку.
Табиийки, «Ижарачиларга тегманг», деган илтимослар ёғила бошлади. Ҳеч ким иссиқ ўрнини йўқотгиси келмасди. Юқоридан, вазирлик ва идоралардан қўнғироқ қилдириб, янги директорга босим ўтказишга ҳаракат қилишди. Фақат Хотин-қизлар қўмитасининг ўша пайтдаги раиси Танзила Камоловна2 улар учун ажратилган янги бинонинг қурилиши ҳали охирига етмагани, озгина вақт берилса, бир йўла кўчиб чиқиб кетишларини тушунтирди. Уларнинг сўзини икки қилолмадим. Қолганларга қаттиқ турдим. Бино – бизники, ходимларимга шароит яратиб беришим керак. Ички ҳовли ёпилди, уюм-уюм ахлат чиқариб ташланди, хоналар, холл, йўлаклар таъмирланди. Буларнинг ҳаммаси кимнинг ҳисобидан бўлганини гапиришга ҳожат йўқдир-а?! Бино таъмири оилавий бизнесимга қимматга тушди, олдинда эса ҳали яна иш кўп эди.
Эсимда, тадбирлардан бирида Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Жуманиёзович Раматов3 билан учрашиб қолдик. Ҳозир нима ишлар билан бандлигимни сўради. ЎзМААни бошқараётганимни айтдим.
– Нима ташкилот эди у, эслатиб юборинг? – сўради Раматов.
ЎзМАА шу даражада бор-йўқлиги билинмайдиган, мудроқ ташкилот бўлганки, ҳатто Бош вазирнинг биринчи ўринбосари бу Агентликни бирданига эслолмади. Ташкилот раҳбарлари Вазирлар Маҳкамаси йиғилишларига деярли чақирилмаган. Директорини фақат «бахт мактуби» олиб турган газеталарнинг муҳаррирларигина таниган – уни олиб ташла, буни таҳрир қил… Фақат бир марта, жаноб Тангриев4 «маънавиятга зарар етказганлар»га (унинг назарида, албатта) қарши ЎзА орқали аёвсиз кураш эълон қилганида, унинг донги ҳамма ёққа тарқалди.
Аммо менинг олдимда турган энг асосий масала бинони таъмирлаш эмас, Агентлик директорининг нуфузини кўтариш эди, албатта. Хўп, бунинг учун нима қилиш керак? Мансаб гувоҳномасини пеш қилиб, атрофдан иззат-ҳурмат кутиш бефойда. Яхшиси, жанг санъати қоидаларини қўллаган маъқул. Биринчи навбатда асосий рақибни, ким бошқаларга таъсири, сўзини ўтказишини аниқлаб, зарарсизлантириш шарт.
Читать дальше