Ёвузликни мутлоқ йўқотиб бўлмаганидек, гўзаллик бўлган ва ҳар доим бўлади.
Олижаноблик ҳақида айрим олижаноб кишилар ҳақида ҳикоялар ҳатто асарлар ёзамиз, таҳсинлар ўқиймиз. Тарихга киритамиз, аслида жамиятнинг асосий қисми олижаноб одамлардан иборат бўлмоғи лозим. Олижаноблик оддий ҳол бўлмоғи керак. Қачонлардир келиб эҳтимол шундай бўлар, оддий инсон энг камида олижаноб кишига айланар. Баркамол одам бўлиш учун оддий турмуш сабоқларининг ўзи етарли эмас. Ҳаётий эҳтиёж жуда кўплаб йўлакларга етаклайди. Муҳтожлик нима, оч қолиш нима, меҳнат ва илм олиш нима барчасини билиш керак, билиш учун кўриш, ўрганиш керак. Кўрмай, билмай ўтиш яшамай ўтиш билар баробар, одам боласи бўлиб туғилиб, яшамай ўтиш жуда ачинарли ҳол.
Тараққиёт тўхтаб қолмайди. Тўхтатишнинг иложи ҳам йўқ, уни тинимсиз одимлашидан барчамиз баҳрамандмиз. Шу боис инсоният тараққиёти учун, одамларнинг бахтли ҳаёти учун яратилган ҳар қандай янгилик учун қувонишимиз шарт. Нодон буни тушунмайди, тушунишни хоҳламайди ҳам, қанақа-ки гўзал неъмат яратилса ўша нарсага қарши фаолият бошлайди, кишиларнинг омади унинг учун ёқимсиз воқеа, яратилган гўзал нарса унинг учун фожеа.
***
Афсуски қанча-қанча истеъдодларимиз ожизликларимиз исканжасида нобуд бўлган. Бахт нима эканлигини билиш учун аввал бахтсизлик нима эканини билмоқ лозим.
Убайдулло оиланинг ёлғиз фарзанди бўлиб қолди. Отаси Муҳаммад Солиҳ ўзининг барча орзу-умидларини ўғлига бағишлаб унинг тарбиясига астойдил киришди. Болани даставвал эски усулдаги маҳалланинг мактабига ўқишга беришди. Убайдулло зеҳни тез, зукко, чаққон бола бўлиб улғая бошлади. Унинг энг яқин кишиси отаси ва тоғаси Муҳаммад Содиқ эди. Ота-она ва қариндошларнинг меҳрига қониб ўсган бола бошқаларга нисбатан ўзи ҳам меҳрибон, одобли ва ростгўй эди, шўх бўлишига қарамай тез сабоқ олар, ўргатилган нарсаларни ошиғи билан ўзлаштириб оларди.
– Дада, – деди бола қувончдан кўзлари чақнаб, – ҳафтиякни тамомладик.
– Э баракалло ўғлим, ўқишни яхши тамомласангиз олим одам бўласиз, барча одамлар сизни ҳурмат қилишади.
– Дада қачон менга тойчоқ олиб берасиз?
– Бироз катта бўлсангиз, албатта тойчоқ олиб бераман.
– Қачон катта бўламан?
– Яхши бола бўлиб, айтганларимизни қилаверсангиз тез кунда катта йигитча бўласиз.
– Кейин нима қиламан?
– Кейин мадрасада ўқиб, илм оласиз. Жуда кўп ўқишингиз керак. Мен сизга жуда қизиқарли китоблар олиб бераман.
– Уларда нималар ёзилган бўлади?
– Ҳар хил қизиқарли эртаклар, ҳикоялар бўлади.
– «Уч оғайни ботирлар» ҳам борми?
– Албатта бор, сиз бу эртакни қаердан биласиз?
– Домламиз айтиб берганлар.
– Баракалла, домлангиз ўргатган нарсаларни эслаб қолишга ўрганинг.
– Ўртоқларим билан ўйнаб келсам майлими?
– Майли болам, ўйнаб келинг, фақат от аравалардан эҳтиёт бўлинг.
Болаларга бўлган муносабат, ҳар бир даврнинг қиёфаси ва ўша давр кишиларининг меҳр-муҳаббатининг ўлчовидир. Ҳар қандай шароит имкониятдан келиб чиқади. Ўша даврнинг имконияти ўзига хос бўлиб баъзи бир соҳалар қашшоқ ва ночор эди. Ана шу сабабларга кўра қурилиш ва ободончилик ишлари суст ривожланган, кўчалар тор, ёзда тупроқ, қишда лой билан қопланган эди. Болаларнинг ўйнаб ҳордиқ чиқаришлари учун ҳеч қандай шароит йўқ. Бечора болакайлар шундай бўлишига қарамай ўзларига ўзлари шароит яратиб неча хил ўйинларни кашф қилишиб қувонишар, шўхлик қилиб яйрашар эди. Ўйинлар асосан қувлаш, яшин тўпалоқ, эшак минди, оқ терагу-кўк терак каби бўлиб, ўйинчоқларсиз бўларди, мавсумларнинг ўзгаришига қараб уларнинг турлари ўзгариб борарди. Баҳор палласида даста-чикалдак, камалак отиш, дўндирак ўйнаш, варрак учириш бўлса, куз чоғига бориб ёнғоқ ўйини, лаппак отиш кабилар авж олади, қиш палласида ланка тепиш, бир-бирларига эртак сўзлаб беришдан иборат бўлади. Убайдулла жуда хушчақчақ, соддадил бола бўлиб улғая бошлади. Лекин кўпгина ўйинларни тақиқлаб қўйишгани учун фақат томоша қилишдан нарига ўтолмасди. Отаси йиқилиб тушишидан қўрқиб томларга ва дарахтларга чиқишга рухсат бермайди, шунинг учун у қўйнига ғўра тўлдириб дарахтдан тушаётган, томда маза қилиб варрак учираётган болаларга қараб фақат ҳавас қиларди холос. Бошқа ўйинларга ҳар ҳолда қатнаша олади. Унинг ёшлиги пастқам уйлардан иборат унча кенг бўлмаган кўчаларда терлаб-пишиб ўйинқароқлик қилиш билан ўтди. Аста-секин ўйинларни тарк этиб, мутолаа ва отасининг касби маҳсидўзлик билан шуғуллана бошлади.
Читать дальше
Конец ознакомительного отрывка
Купить книгу