***
Ишнинг “кўзи”ни яхши билган Муҳаммад Содиқ, аста-секин қўли пул кўриб анчагина ер ва мулк эгасига айланиб олди. Серғайрат бу йигит деҳқончилик ишларини пухта билиши билан бошқалардан ажралиб турарди. Яқингинада ёлғиз меҳнат қилиб эрта-ю кеч тер тўккан бўлса бугун унинг ихтиёрида бир неча таноб ер ва бир қанча чоракорлари бор. Хўжалиги мустаҳкам, маблағи ҳам етарли. У кишиларга меҳрибон бўлиш билан бирга, қўли ҳам очиқ ва мурувватли йигит. Поччаси Муҳаммад Солиҳга айниқса оқибатли. Жиянларига ўз укасидек меҳрибон, жонкуяр. Мана жиянларини яна биттага кўпайганини эшитиб қувонганидан шаҳарга опасининг ҳовлиси томон жўнади. Аввал Каппон бозорига йўл олди, пулни аямай шойи қийиқ тўлгунича хилма-хил ноз-неъматларни харид қилди. У опасини хурсанд қилишни жуда хуш кўради. Шунинг учун ширмон нон, хандон писта ва ҳолваларни мўлроқ харид қилди. У шошилмай гавжум бозорни тарк этиб Янгу чорсу томонга бурилди. Муюлишдаги чойхонада нафасини ростлаб олиш учун бир чойнак чой чақирди, бир қанча фурсат дам олиб бўлганидан сўнг Ходабозор кўчаси томон юра бошлади. У Қўқоннинг гавжум кўчаларини томоша қилишни жуда хуш кўради, ҳар бир қадамда иштаҳани очадиган таомларнинг хушбўй ҳидлари димоққа урилади, ҳолвапаз, сомсапаз ва кабобпазлар “Келиб қолинг, гўшт куйди” деб бақир-чақир қиладиган ошпазлар, ҳар қадамда учрайдиган тиланчилар ўзига хос бир олам. Серқатнов кўчалардаги йўловчиларнинг ҳолатига қараб қайси тоифага мансуб эканлигини билиб олса бўлади. Бойвачча йигитлар қирчанғи отларга миниб олиб, оҳори тўкилмаган кийим-кечакларини кўз-кўз қилишса, бечорахолроқ кишилар эшакларига миниб олиб йўрғалайдилар.
Ғилдираги каттакон Қўқон арава ўтаётгандаги ғижирлаш бир қанча фурсат давом этади. Одамлар тўпланадиган ерларда чўнтакурар ўғрилар ҳам йўқ эмас. Баъзи бир хилват кўчаларнинг муюлишларида ошиқ тепадиган қиморбозлар ҳам учраб туради. Чорсуга етмасдан ўнг томонда товуқ бозори бор, дакан, чипор ва шунга ўхшаш паррандаларнинг хилма-хиллигидан кўз қамашади. Муҳаммад Содиқ бир нарса эсига тушиб қолгандек бозорчага бурилиб, этли бир товуқни харид қилди. Энди поччасининг ҳовлисига борса бўлаверади, режалаган барча нарсаларни харид қилганига ишонч ҳосил қилиб, жадаллаганича юриб кетди.
– Содиқбой, соғ-саломат юрибсизми? – деди Муҳаммад Солиҳ қайноғаси билан қучоқлашиб кўришар экан. – Бола-чақалар тинчми?
– Шукур, бир амаллаб юрибмиз. Жижи катта бўляптими?
– Худога шукур, тетиккина.
– Опам яхшимилар?
– Ҳа, бечоранинг қувончи ҳеч қаерга сиғмайди.
– Учта ўғил кўради-ю қувонмайдими, ҳар қанча қувонса арзийди. Худо хоҳласа уларни оёққа турғазиб олсангиз марра сизники.
– Айтганингиз келсин, тўйларини кўриш насиб этсин.
– Учта ўғилга учта келин келса бу ҳовли набиралар билан тўлади, ҳали ҳовлингиз торлик қилиб қолади.
– Тўғри айтдингиз, янги бир ҳовли қуриш орзуим бор, лекин тирикчилик муаммолари билан овораман.
– Биламан, ҳаммамизга ҳам қийин, тирикчилик қилиш йилдан-йилга оғирлашиб бормоқда. Айниқса солиқлар эзиб ташлаяпти.
– Шукур қилаверайлик, яхши кунларга ҳам етиб борсак ажаб эмас.
– Қани ичкарига кирайлик, – деди Содиқбой поччасининг елкасига оҳистагина қўлини қўйиб. – Сизни соғиниб юрган эдим, озгина гурунглашиб ўтирамиз.
– Сиз билан суҳбатлашиш мароқли, лекин бироз шошиб турибман.
– Унақаси йўқ, ҳой аяси, – деди Муҳаммад Содиқ шошилиб. – Чой қўйиб юбор, дарров дастурхон туза.
– Содиқжон, чойни бошқа сафар ичамиз.
– Почча ҳар сафар шошиб келиб, шошиб кетасиз. Келинг энди озгина суҳбатлашайлик. Келинингиз нон ёпган, эрталаб эринмай туриб янги «ширава» қаймоқ олиб келганман. Ризқингиз қўшилган экан, бирга қаймоқлашамиз.
– Қаймоқ танлашда сизга етадигани йўқ, буни биламан.
– Атайлаб «Қаймоқли гузар»га бордим, у ернинг қаймоғи бошқача бўлади.
– Хоннинг ўрдасидагилар ҳам ўша ердан қаймоқ олар эканлар.
– Шунақа, харидорлар ҳам, сотувчилар ҳам ўша ерда жамланади, энг сифатли қаймоқни фақат ўша ердан топасиз.
– Сизни меҳмондорчиликка айтгани келдим.
– Э, шунақами?
– Ҳа, янги чақалоқнинг туғилгани муносабати билан улфатларга биттазиёфат қилиб беришга ваъда берган эдим.
– Жуда яхши, бизга нима хизмат бор, тортинмай айтаверинг.
– Фақат ташриф буюрсангиз етарли.
***
Адолат билан адолатсизликни, асл фарзандлари ким, ғанимлари ким фарқлай олмайдиган юрт қулликка маҳкумдир.
Ҳар бир замоннинг ижобий ютуқлари бўлиши табиий ҳол, илм-фан, санъат, адабиёт, маданият, фалсафа каби соҳалар тинимсиз ривожланиб туради. Афсуски бу ютуқлар қатори аллақанча нуқсонлар ва иллатлар ҳам мавжуд бўлади.
Читать дальше
Конец ознакомительного отрывка
Купить книгу