Ўша даврда ёрқин юлдуз сифатида отилиб чиққан Алимқулалоҳида мавқега эга эди.
Қўқон хонларининг авлодидан бўлган Содиқбек, Хожибек ва Шоҳруҳларни хон тахтига даъвогарлик қилганлари учун мамлакатни бундай нозик даврларда бошқаришга зарарлари тегади деб, уларга тахтни ваъда қилиб Ўш шаҳрига алдаб чақиришади ва Алимқулнинг буйруғига биноан яширинча сўйиб юборишади. 1863 йилда Маллахоннинг ўғли Шоҳмуродни хон деб эълон қилишади. Бир йилгина хонлик лавозимида ўтирган Шоҳмуродхонни ҳам ўлдириб юборишади. Ҳеч қандай қаршиликсиз бўшаб қолган тахтга яна Худоёрхон ўтирди.
***
Алимқул Ватан осмонида пайдо бўлган ёрқин юлдуздек эди, омад ҳам ёпирилиб кела бошлади. У Туркия султонига мурожаат қилиб, ўз аскарларини 60 та замбарак ва милтиқлар билан қуроллантирди. Иқон атрофидаги бир неча жангларда ҳарбий ҳийла ишлатиб русларни бир неча марта енга олди. Унинг ғалабалари русларни чўчитиб юборди, беҳисоб жасур йигитларни очиқ майдонда енга олмасликларини билган ғанимлар ҳийла ишлатиш йўлларини қидира бошладилар. Бу йўлдаги энг қулай ва осон йўл жосуслар ёллаш, миш-мишлар тарқатиш, содда одамларни алдаш йўли билан ўз томонларига оғдириб олиш эди.
26 Аҳиллик бор жойда нафақат душман, ҳатто шайтон ҳам бош тиқа олмайди, дейишади. Аҳиллик йўқолган жой харобазорга айланиб душманга ем бўлиши аниқ. Айни чоғда мамлакатда аҳиллик йўқолиб, бир мақсад йўлида бирлашиш ўрнига тожу тахт талашишлар, ҳар бир воқеадан ўз манфаати йўлида фойдаланиш каби иллатлар ривожланиб борар, бу душман учун айни муддао эди. Бундай ожизликдан усталик билан фойдаланиш натижасида Алимқулнинг кучи қирқила бошлади. Кўпгина одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб душман томонга ўтиб кетарди. Алимқул бу кўргиликни қаттиққўллик билан тўхтатиш чорасини кўра бошлади, оғиб кетганларни ушлаб ўлимга ҳукм қилар, баъзиларини замбаракнинг оғзига боғлаб отишар, қилич билан чопиб ташлашар, бу чоралар эса акс таъсир кўрсатар, аламзадалар сафи ортиб душман томонга ўтиб кетишарди.
***
Ёш бўлишига қарамай Убайдулла оиланинг иқтисодий носозлигини ҳис қилар, шунинг учун мутоаладан бўшаган вақтларини отасига қарашиш билан ўтказар эди. Ўқиш ва амалий ишни бирга олиб бориш ўзининг натижаларини бера бошлади. У аста-секин анчагина пухта шеърлар ёза бошлади, отасининг ҳунари маҳсидўзликни ҳам ўзлаштириб олди. Кучдан қола бошлаган отаси учун бу қувонарли воқеа бўлиб, айниқса ота-боланинг ёнма-ён ўтириб меҳнат қилишлари, жуда ёқимли суҳбатлари эса ундан ҳам қизиқарли ўтар эди. Отасининг илми йўқлиги учун ўғлига кўпроқ савол берар, шоирларнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида қизиқар, худди шогирднинг устозига қилгандек муносабатда бўларди. Убайдулланинг жавоблари аниқ ва ишончли эканлиги билан ҳайратланарли эди.
– Ўғлим, ҳазрати Навоийнинг “Ҳамса” асарини ўқиб чиқдингизми?
– Бу асар жуда улкан, ҳозирчалик уни ўқиб тугатмаганман, лекин анча-мунча танишман.
– Илм йўли машаққатли бўлади, сиз жуда кўп мутолаа қилмоғингиз лозим.
– Мен ҳам шу фикрдаман дада, ҳали жуда кўп меҳнат қилишимга тўғри келади.
– Баракалла, фикрларингиз анчагина етилиб қолибди. Яна бир гапим шуки, устозларингиз қатори атрофингиздаги ўртоқларингизга ҳам эътиборли бўлинг. Уларнинг ичидан ҳали олиму фозиллар етишиб чиқади. Кишиларга меҳр кўрсатиш билан бирга ҳалол яшишни мақсад қилиб олинг.
– Айтганларингизни албатта бажараман дадажон.
– Ундай бўлса сиздан кўнглим тўқ. Ўқишни давом эттириш ҳақидаги таклифимни ўйлаб кўрдингизми?
– Ўйлашга ўйладим-у, лекин озгина…
– Нима озгина, – деди ота хавотир олиб. – Ўқигингиз йўқми?
– Ўқишни жуда-жуда хоҳлайману, лекин менсиз ёлғизланиб қоласиз деб қўрқаман, қолаверса меҳнат қилиб рўзғор ишларига қарашиб туришим лозим.
– Ундай деманг, мени авайлайман деб ўқишни чала қилсангиз хафа бўламан. Шунча йил эплаб келган рўзғор ишларини буёғига ҳам бажара оламан.
Аввалига эскича маҳалла мактабини битиргандан сўнг Убайдуллони Жоме мадрасасига ўқишга беришди. Хушрўй, хушчақчақ, соғлом бўлиб етила бошлаган Убайдулло илмга жуда чанқоқ, зеҳни ўткир, ўта тиришқоқ эди. Олган сабоқларини жуда тез ўзлаштириш билан бирга, шеърий китоблар ва достонларни севиб ўқир, айниқса Алишер Навоий, Фузулий, Машраб каби шоирларнинг ғазалларини ёдлаб олар, ўзи ҳам шеър машқ қилар, тинимсиз қилинган мутоала унинг табиий ўткир зеҳни билан қовушиб, ойма-ой, кунма-кун улғайишини тезлаштирар, ёқимли хулқи, табиатан тўғрисўзлиги эса маҳалла-кўй, атрофидаги одамларнинг меҳрини қозонишига сабаб бўларди.
Читать дальше
Конец ознакомительного отрывка
Купить книгу