Хўш, ўзлигингиз – ўз шахсиятингизни тўлиқ ёки деярли тўлиқ англаш сизга нима учун керак? Ҳар қалай, буни сизга мен ёки яна кимдир айтгани учун қилмаяпсизку? Бу саволга турлича китобхон турлича жавоб беради. Майли, бошқаларни қўйинг – сиз бунга нима деб жавоб берган бўлардингиз? Баённинг давомини ўқишдан аввал, илтимос, шу ҳақида бир оз мулоҳаза қилиб кўрсангиз…
Албатта, барчамиз бу дунёга шунчаки бахтли бўлиш учун келамиз. «Шунчаки» деб соддалаштиришимга сабаб бахт жуда оддий тушунча деб ҳисоблашимдир. Бироқ бошқалар бошқача ҳисоблайди.
Аввалги суҳбатимиздан маълумки, бахт – бу инсон ўз кўнгли истакларига монанд яшаши. Ҳаётингиз қалбингиз ардоғидаги одамлар ҳамроҳлигида ва кўнглингиз тусаган нарсалар иштирокида кечса – бундан ортиқ яна қандай бахт бор, шундай эмасми? Ҳар ҳолда, мен шундай деб ўйлайман. Бироқ бошқалар бошқача ўйлайди бу борада.
Мана энди данагини ҳам ёриб, мағзига етиб келдик. Агар ҳаёт ўз истакларимизга эришиб, лапар айтганидек даврон сургани бағишланиши керак бўлса, биз энг аввало ўша истакларни аниқлашимиз керак. Мана шу ерда ўз шахсиятини тўғри ва етарлича одил баҳолай олиш қобиляти инсонга жуда аз қотади. Чунки истаклар тўғри аниқлансагина уларга эришиш жараёни ва натижасида одам ўзини бахтли ҳис қилади.
Бу ерда мантиқ жуда оддий: истакни тўғри аниқлаш учун ўша истак эгасини яхши билиш керак (ўзингизни яхши билмасангиз – нимани исташингизни қандай биласиз?). Агар бунда кишининг ўзлигини англаш қобиляти кетмони билан ерни сескантириб ҳосил оладиган деҳқондек абжир ва таб тортмас бўлса – марра уники. Агар у ўзини аксинча «менга тегма ва мен сенга тегмайман» йўсинида иш кўрувчи кекса бюрократ каби тутса – унда… унда нима бўлишини айтиб нима қилдим. Бари бир, буларнинг бари шунчаки менинг нуқтаи назарим, холос. Бироқ бошқалар бошқача назарда қарайди бу нарсаларга.
Демак, биз ўзлигимизни англашга ҳаракат қилиб, ўз бахтимизни ҳис этишга, унинг қўлидан тутганча, бутун ҳаёт йўлини босиб ўтишга интиляпмиз. Кимдир айтиши мумкин – эҳ-э, ўзликни англаш, кўнгилга қулоқ солишни ўрганиш жуда қийин иш, унга бутун умрингни сарфлаб қўйишинг ҳеч гап эмас. Бундай ҳақиқат эгаларига мен фақат бир сирни очибгина жавоб қайтаришим мумкин: бахт бу натижа эмас – жараёндир. Истакка эришишнинг ўзидан кўра, унга бориш йўлидаги қадамлар бахтнинг юқорироқ чўққилари, умрнинг мазмуни. Ахир, асл бахт натижа бўлган ўлим эмас – унгача борадиган сафар йўли бўлмиш ҳаётдир .
Ҳа, яна бир гап – сизга мен билан киитоб орқали суҳбат қилаётганингизда ўзингизни ёмон ҳис қилсангиз, бу суҳбатдан воз кечинг деб бежиз айтмайман. Бу ўзимни катта олганимдан ёки сизни бу нарсаларни тушунишга ноқодир деб билганимдан эмас. Шунчаки, бу каби китобларни ўқиш сизнинг истакларингизга зид бўлиши мумкин – мен эса сизни асл истагингизга ва натижа ўз бахтингизга олиб борадиган йўлингиздан чалғитмоқчи эмасман. Бор-йўғи шу.
Бу суҳбатлардан мен сиздан кўра кўпроқ янги илм ўрганишим ёдингизда бўлсин. Сиз менга мен сизга ўргатгандан кўпроқ нарсаларни ўргатасиз – гарчи буни баъзида билмасангиз ҳам…
Бугун мен сизга шахсиятимиз ўзагида турадиган тушунча ҳақида айтиб бермоқчиман. Сиз бугун онг ва унинг таркибий қисмлари билан яқиндан танишасиз. Аввалига, онг нима эканини таҳминан бўлса ҳам билиб олайлик.
Онг – бирор жараённи кузатиш, англаш ва унга тегишли муносабат билдириш қобиляти. Қорин очса – овқатланиш, чарчалса – дам олиш, ҳавф туғилса – химояланиш ёки қочиш кераклигини айтиб турадиган «маслаҳатчи» – бу онг.
Одамни бошқа мавжудотлардан фарқлаш учун уни «онгли мавжудот» деб аташади – бу бир оз нотўғри. Барча тирик мавжудотларга онг берилган – табиат барча тирик организмларни яшаб қолиши ва ўзидан насл қолдириши учун зарур билимлар заҳираси билан тақдирлаган. Дарахт ҳам қачон куртак ёзиб, қачон гул очишни, қайси пайт мева тугиб, қачон уларни ерга тўкишни билади. У ҳам атрофни кузатишни, у яшаётган муҳитдаги ўзгаришларга монанд хатти-ҳаракат қилишни уддалаши учун онг билан яратилган. Ёввойи кийик ҳам бир марта ҳавфга дуч келган жойига қайтиб бормасликка, борса ҳам эҳтиёт бўлиш кераклигига онги етади.
Онг ўз фаолиятини олиб бориши учун, унга атроф муҳитдаги жараёнлар ҳақида маълумотлар зарур бўлади. Тирик организмларда бу маълумот таъминоти турли хил сезги органлари орқали амалга оширилади. Фақат, у турли жонзотларда турлича бўлади – унисига кучли ҳид билиш қобиляти берилган бўлса, бошқасига ўткир кўз берилган бўлади. Ўсимликларда ҳарорат, ёруғлик, ҳаво намлиги ва бошқа нозик белгилар ўзгаришини аниқ сезиш қобиляти бор. Онг айнан шундай сезгилар орқали олинган маълумотни қайта ишлайди ва шунга қараб иш тутади.
Читать дальше