Бу таъкид кимдадир норозилик уйғотиши мумкин. Бизга эсимизни таниганимиздан бир гап уқтирилади: яхши-ёмонни билмаган яшай олмайди, бахтли бўлмайди. Бу гап ҳам ёлғон – бизга яшаб қолиш ва бахтли бўлиш учун бу дунё, унинг таркибий қисмларини, бошқа жонзот ва одамларни яхши ва ёмонга ажратиш шарт эмас. Аниқроғи – бундай қилиш бизга яшашга – бахтли яшашга ҳалал беради.
Жуда кўп ҳолларда яхши ва ёмон сифатлари шунчаки андозага таяниб айтилади. «Ўғлим, бу ишни қилиб бўлмайди – Нега? – Ёмон бўлади» каби тарбия болада зарарли яхши-ёмон тушунчасини шакллантиради. Тарбия пайтида у ёки бу ишни яхши ёки ёмон эмас – фойдали ёки зарарли, бунёдкор ёки вайронкор, керакли ва кераксиз каби таъриф орқали етказган маъқул. Бунда айнан шу иш нега ижобий ёки салбий жиҳатга эга эканига етарлича асос бериш лозим.
«Ўғлим, ана бу болаларга қўшилмагин. – Нега? – Чунки улар ёмон болалар – Нега? – Чунки улар сени ёмон одатларга ўргатади…» Болага «яхши» тарбия бериш важи билан бировнинг боласини ёмон дейишнинг ўзи тўғримикан? Бундай таъкид болада бу дунёда ҳамма тенг эмаслиги – кимлардир дўстларшишга ва ишонишга лойиқ, кимлардир бунга муносиб эмаслиги ҳақидаги асоссиз хулосани шакллантиради. Яъни яхши-ёмон тушунчалари фарзандингизни ҳаётдаги асл қадриятлардан чалғитади.
«Ўғлим, ҳар ким билан дўст бўлиш яхши. Фақат у ёки бу ишни қилишдан аввал бу сенга чиндан керакми-йўқми – ўйлаб кўргин. – Нега? – Чунки одамлар қиладиган ҳамма иш ҳам фойдали бўлавермайди. – Фойдасиз ишни қилсам, кимга зарар? – Энг аввало ўзингга, кейин бошқаларга…»
Бу таъкидда, содда тил билан айтганда, «одам ажратиш» йўқ. Болада одамлар ва уларнинг хатти-ҳаракатларини яхши-ёмонга ажратиш илинжи пайдо бўлмайди. Ҳар кимнинг шахсиятини тенг ҳурмат қилиш ва ўз танловлари учун маъсулиятни сезиш шаклланади. Болани бузғинчи ишлардан «ёмон» одамлардан нари юриши эмас – ўз қарорлари учун жавобгарликни билиши тежаб қолади.
Яхши ва ёмон ҳақидаги ёлғон шу қадар қадимги ва улканки – унинг аслида ёлғон эканини кўпчилик унутган. Ақлимиз шу буюк ёлғон асосида кўплаб бошқа «ёлғончалар»ни ўйлаб топиб, ҳаётимизга киритган. Бу ёлғончалар баъзида бир-бирига зид фиркларни таъкидлайди: бири бу дунёда ҳар доим яхшилик ғалаба қозониб, ёмонлик жазога маҳкум эканини айтса – бошқаси «яхшига кун йўқ, ёмонга – ўлим» дейди.
Бу ички зиддиятларни биз одатда сезмаймиз – чунки ақл ҳар бир ёлғончани ўз жойида ишлатади: яхшилик устунлигини ўтказсиҳ керак бўлганда биринчи ёлғонча кор келади, адолатсизликка урғу бериш керак бўлганда иккинчи ёлғонча ишга тушади. Аммо сергак туриб, ҳамма ёлғончаларни бир сафга қўйса – уларнинг кўпчилиги бир-бирига зид экани ошкор бўлади.
Яхшилик ва ёмонлик ҳақидаги буюк ёлғон қўл остидаги кичик ёлғончалардан куч олиб яшайди. Ёлъгончалар фош бўлса – уларнинг бобоси буюк ёлғон ҳам ошкор бўлади. Ҳар хил нарсага бўлган муносабатингизни астойдил ўрганиб чиқсангиз – бунақа ёлғончалар сиз умуман кутмаган жойларга яширинганини билиб оласиз.
Келинг, биз ана шу ёлғончаларни фош қилишга уриниб кўрамиз.
Сизга, ҳар доимгидек, бир ажойиб саволим бор: Сиз яхши инсонмисиз?
Жавоб бериш қийин-а? Балки, осонгина жавоб бергандирсиз. Нима бўлганда ҳам, шу саволни ўқиб, хаёлингиздан ўтган фикрларни эслаб қолинг – биз уларга ҳали яна қайтамиз.
Бизнинг дунё – қарама-қаршиликлар дунёси. Унда ҳамма нарсанинг акси – зидди бор. Ёруғликка қарши зулмат, иссиққа қарши совуқ, меҳрга қарши қахр. Табиат ҳам мукаммал зиддиятлардан ташкил топган – борлиқни ташкил қилган зарраларда ҳам қанча манфий қувват бўлса, унга қарши шунча мусбат қувват бор. Баъзи олимлар бугун ҳатто модданинг ҳам зидди – антимодда (антиматерия) мавжудлигини таъкидлашмоқда.
Биз бу бир-бирига зид кескинликларни бир-бири билан таққослаб ўрганамиз. Оқ нима эканини фақатгина уни қорага солиштириб айтишимиз мумкин. Ақлимиз ҳамма нарсани таққослаб, ҳамма нарсага номлар, сифатлар бериб чиққан. Биз дунёни ана шу сифатлар асосида кўриб, қадрлаб яшаймиз.
Бу йўлдаги энг катта ютуғимиз – «яхши» ва «ёмон» сифатларини ўйлаб топганимиз бўлган. Бу икки сўзнинг асл қудратини биз ҳар доим ҳам билавермаймиз – аммо бу икки сўз бизнинг ҳаётимизга жуда кучли таъсир қилади.
Биргина «яхши» ёки «ёмон» сифатига эргашиб, биз қарорлар қабул қиламиз. «Яхши» ёрлиғи илинган одамлар, буюмлар ва ғояларга эргашамиз – «ёмон»ларини ўзимиздан нари тутишга уринамиз. «Яхши» деб билган ишларимизни қиламиз, «ёмон»ларидан тийинамиз. Буларнинг барини биз ўзимиз «яхши» бўлиш учун – ўзимизга «яхши» бўлиши учун қиламиз.
Читать дальше