Ҳа, донишманд адиб Айтматов нақл қилганидек, ер юзасидаги пурвиқор тоғлар, кўм-кўк денгизлар, зилол кўллар-у қуюқ ўрмонлар, нафосатга бурканган боғ-бўстонлар, кўзни яшнатувчи кўркам ландшафтлар, жониворлар ва ўсимликлар – бари-барчаси Яратган томонидан инсон ҳукмига ҳавола этилди. Ер юзида ҳаётнинг гуллаб-яшнаши ёки барбод бўлиши фақат инсоннинг хатти-ҳаракатларига боғлиқ.
Табиатни муҳофаза қилиш, уни асраб-авайлаш, ҳайвонот ва наботот оламига меҳрли бўлиш ер юзидаги ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчидир. Шундай экан, сахий бағридан ноз-неъматлар пайдо қилиб, бизни тўйинтираётган, беқиёс нафосати билан кўнглимизни қувонтираётган она табиатни кўз қорачиғидек асраб-авайлайлик, азиз асрдошлар!
Оқилжон Ғофуров. 2018-йил, январь.
БЕОВУЛЬФ – ЭЗГУЛИК ТИМСОЛИ
Олам яралибдики, яхшилик ва ёмонлик, эзгулик ва ёвузлик, нур ва зулмат ҳеч замонда бир-бири билан муроса қила олмайди; улар мисоли олов билан сув каби бир-бирига қарама-қарши иккита кучдир. Моҳиятан, абадийликка дахлдор бу икки ижобий ва салбий куч азал ва абад оралиғида бир-бирини абадий яксон қилиб ташламоққа чоғланади, аммо бу кураш тўхтовсиз давом этаверади. Бинобарин, бири тилсим дунёда ҳар неники яратади, кашф қилаверади; бошқаси вайрон қилиб, кулини кўкка совураверади.
Инчунин, бу азалий кураш талотўпида ким эзгулик тарафда-ю, ким ёвузлик томонда – абадий жумбоқ, мангу фалсафа…
Талабалик давримда халқ оғзаки ижоди билимдонлари Муҳаммаджон Мадғозиев ва Ҳабибулло Жўраев каби устозлардан сабоқ олар эканман, ўзбек фольклор адабиёти чашмаларидан маънавий озуқа олиш баробарида жаҳон фолкьлор адабиётига ҳам беҳад қизиқиб қолдим. Халқимизнинг бағрикенглик, матонат, олижаноблик каби эзгу фазилатлари ўз ифодасини топган, эл-юрт фаровонлиги, Ватан равнақи учун кураш баралла куйланган «Алпомиш»; халқимизнинг фаровон ва озод ўлка ҳақидаги орзу-умидлари мужассамланган «Гўрўғли» туркуми достонлари мутолааси қатори қадимги ҳинд халқ эпоси «Панчатантра» ва унинг илдизларидан дунёга келган «Калила ва димна”ни такрор-такрор мутолаа қилиб, атроф-оламга, ҳаётга, одамларга ўзгача нигоҳ билан қарай бошладим; тафаккур дунёим ичра янги оламлар пайдо бўлди.
Мен яна, илк ўрта асрлар, Уйғониш даври ва XVII аср Ғарбий Европа адабиёти фольклор ижодига айрича қизиқиш билан қарай бошладим. Айниқса, мифологик характерда яратилган, умумбашарий эзгу ғоялар тараннум этилган қадимги герман қаҳрамонлик эпоси – «Нибелунглар ҳақида қўшиқ», англо-сакс қаҳрамонлик эпоси – «Беовульф ҳақида достон», шунингдек, қадимги исландия адабиёти ёдгорликлари бўлмиш «Эдда» қўшиқлари туркумидан оламнинг яралиши ва ҳалокати ҳақидаги мифлар акс эттирилган «Волуспа» қўшиғини ҳар вақт мароқ билан мутолаа қилардим.
Дейлик, «Нибелунглар ҳақида қўшиқ» достони менда қандай таассурот қолдирган?
Ёвуз аждарҳони маҳв этиб, «Нибелунглар бойлиги”ни қўлга киритган баҳодир жангчи Зигфрид кўз ўнгимизда мудом Ватан озодлиги курашчиси, доно ва олижаноб инсон сифатида гавдаланса, Кримхильда ўз эрига содиқ ва вафодор, қасоскор аёл сифатида китобхон қалбида меҳр-муҳаббат туйғуларини уйғотади. Ҳасадгўй ва мақтанчоқ аёл Брюнхильда ҳамда мунофиқлик, риёкорлик тимсоли, манфур қотил Хаген эса қалбимизда чуқур нафрат туйғуларини уйғотади.
«Беовульф ҳақида достон» онг-шууримда ёрқин таассурот қолдирган асарлардан биридир.
Айтиш жоизки, ушбу достон ва қўшиқларни имкон доирасида, турли манбаларда келтирилган парчалар, тақризлар, мақола ва талқинлардан ўқиб ўргандим; булар бир нуқтада бирлашиб, яхлит тасаввур ҳосил қилди.
Манбаларда ёзилишича, «Беовульф ҳақида достон» VIII—IX асрларда яратилиб, Х аср бошларида ёзиб олинган. Достон икки қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисмида Дания қироли Хротгар саройи тасвирланади.
Қирол Хротгар ўз аъёнлари билан ўтказадиган базму жамшидларга мўлжаллаб, оромбахш бир гўшада ҳашаматли меҳмонхона қурдиради. «Хеорот», яъни «Буғу қасри» деб аталган муҳташам бинода кайфичоғлик, шодумон ҳаёт қирол орзулагандек, узоқ давом этмайди. Модомики, олам яралгандан буён осудалик остида ҳамиша таҳлика пинҳон; зеро, одамзодга тўкис ҳаловат азалдан курашларсиз насиб этмаган ва абад шу ақида ўз кучида қолаверади. Ёвузлик ҳамма даврларда, ҳамма вақт эзгулик йўлини тўсгани-тўсган…
Воқеан, денгиз бўйидаги қўланса ботқоқликларда Грендель исмли даҳшатли махлуқ яшарди. Бу нафси ўпқон, тасқара махлуқ қоронғу кечалари қўққисдан пайдо бўлиб, ғафлатда қолган қирол жангчиларини ер тишлатиб, ея бошлайди. Саройдагилар росмана ваҳима ичида қолади. Ногаҳоний кулфат-мусибатдан қаттиқ қайғуга ботган қирол Хротгарнинг қалбини изтироб ва надомат туйғулари беомон жизғанак эта бошлайди… «Наҳот дунёда ёвуз кучлар ҳукмрон, эзгулик забун?! Наҳот анави юҳо Грендель саройдаги одамларимни битта қўймай ўлдириб, гўштларини бурдалаб еб кетаверади! Адолат қаерда, қани ҳақиқат?! Наҳотки ер юзида балойи нафс Гренделни яксон эта оладиган қудратли куч йўқ?!.»
Читать дальше