XII – XIV асрларда элимизга ташриф буюрган араб сайёҳлари Ёқуб Ал Хамавий, Ибн Батуталар дунёдаги ҳеч бир ўлкада Хоразмдагидек олийжаноб, маърифатпарвар, ҳунарманд, меҳмондўст элни кўрмадим деб ёзиб қолдирганлар. Дарҳақиқат, дунё илм фанига асос солган буюк сиймолар, донишманд алломалар Хоразм фарзандлари, Хива дилбандлари. Бутун жаҳонда ҳар куни, ҳар соат, ҳар лаҳзада миллионлаб кишилар мурожаат қилиб келаётган-Ал жабр, алгоритм алгебра фанига хоразмлик буюк аллома Мухаммад Мусо Ал Хоразмий асос солган. Ер шари глобусини бизнинг ватандошимиз Абу Райхон Беруний (Маъмун Академиясининг илк раҳбари) яратган. Атлантика уммони ортида Америка қитъаси борлигини Христофор Колумбдан 500 йил олдин башорат этиб, ҳаттоки унинг харитасини чизиб қолдирган ҳам Абу Райхон Беруний хазратлари бўладилар. Мана бу эътирофга эътибор беринг: «Дунёдаги барча қишлоқлар жамланиб, Хоразмнинг биргина Замахшар қишлоғига фидо бўлса арзийди. Чунки бу қишлоқ минг йилларда бир марта келиши мумкин бўлган Маҳмуд Аз Замахшарийдек алломани дунёга келтирди». (Ибн Ваххос-Маккаи Мукаррама Амири). Замаҳшарий элликдан ошиқ нодир асарлар ёзиб қолдирган. Араб грамматикасига асос солган. «Жоруллоҳ» яъни «Худонинг қўшниси» деб эъзозланган.
Шайх Нажмиддин Кубро, Паҳлавон Маҳмуд, Огаҳий, Мунис, Аваз Ўтар, Комил Хоразмий, Саййид Муҳаммад Раҳимхон Соний- Феруз каби буюк сиймолар, ардоқли алломалар шу табаррук заминда яшаб камол топганлар.
Х аср охирида-1004 йилда ташкил қилинган «Дорул-хикма» Маъмун Академиясида ҳам Шарқнинг кўплаб илм соҳиблари турли фан йўналишлари бўйича қатор изланишлар олиб бориб, ўз фаолиятлари билан жаҳон илм фани ривожига муносиб хисса қўшдилар. Хоразм Маъмун Академияси сардори ва раҳномаси Абу Райхон Беруний «Минерология», «Геодезия», «Ҳиндистон» каби бир юз элликдан ошиқ ноёб асарлар ёзиб қолдирди, юқорида таъкидлаганимиздек буюк кашфиётлар яратди. Абу Али Ибн Сино ўзининг қатор асарлари, жумладан, дунёга машҳур «Тиб қонунлари» асарини айни Маъмун Академиясида ишлаб юрган кезлари ёзган. Абу Саҳл Масиҳий, Абулҳайр ибн Хаммор, Абу Абдуллоҳ Илоқий, Ибн Масковайх, Умар Исфахоний, Абу Абдуллох ибн Иброҳим ан-Нотилий (Ибн Синонинг хоразмлик илк устози), Ибн Ироқ, Журжоний, Муҳаммад ас Саорибий каби ўнлаб етук алломалар Маъмун академиясидаги фаолияти билан жаҳон илм-фани тараққиётига улкан улуш қўша олдилар. Астрономия, кимё, риёзиёт (математика) тарих, фалсафа, табобат фанларини айниқса юқори даражада ўрганиб, бошқаларни ҳам баҳраманд этганлар. Маъмун Академияси алломаларининг яратган асарларидан таралаётган нурафшонлик, ёғду, зиё асрлар ўтсада истиқболга хизмат қилаётганлиги, мамлакат равнақи учун дастуриламал бўлиб қолишидан далолат бериб турибди.
Ўтган қисқа йиллар ичида Хоразм Маъмун Академиясида сезиларли, муайян ишлар амалга оширилди. Академия таркибидаги «Археология, тарих ва фалсафа» бўлимида «Хоразмда қадимги ва ўрта асрлар ўзбек давлатчилиги», «Ўзбек халқининг этник тарихида Хоразм воҳасининг ўрни», «Хоразм вилояти археологик ёдгорликларини тадқиқ қилиш» бўйича илмий изланишлар олиб борилди. Хива хонлигига асос солиниши, шу даврлардаги ижтимоий, иқтисодий вазиятлар, Хива хонлиги давлатчилигидаги бошқарув тизими, давлат хужжатлари, шу жумладан чет элларда Хива хонлигига оид архив хужжатлари, илмий мерос чуқур ўрганилмоқда. «Биология муаммолари» бўлимида эса «Хоразм воҳаси тупроқ-иқлим шароитида истиқболли, серҳосил, касалликларга ва зараркунандаларга чидамли ўсимликлар навларини ўрганиш ва яратиш», «Хоразм вилояти шароитида асосий оралиқ, такрорий экинлар парвариши самарали технологиясини жорий қилиш», «Маккажўхори уруғчилиги тизимини барпо қилиш», «Қуйи Амударё минтақаси тупроқларининг сув-туз режимини яхшилайдиган коллектор- заҳкаш тизимларининг иш режимини бошқариш усулларини ишлаб чиқиш» каби муҳим мавзуларда илмий-тадқиқот ишлари олиб борилди. Академияда фанга нобюджет маблағларни кенг жалб қилиш, хорижий илмий марказларнинг фаолиятидан кенг фойдаланиш ва хўжа- лик шартномалари асосида бажариладиган ишларга эътибор кучайти- рилмоқда. Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида олимларимизнинг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида ўқув дастурлари, қўлланмалар яратишда олий ва ўрта таълим тизими билан самарали ҳамкорлик қилинмоқда. Академия қошида хўжалик ҳисобида фаолият юритувчи «Доривор ўсимликлар боғи» ва «Планта» илмий ишлаб чиқариш маркази мавжуд. 26 илмий ходим, шу жумладан 5 фан доктори, 9 фан номзодлари муҳим мавзуларда илмий тадқиқот ишлари олиб бормоқдалар.
Читать дальше
Конец ознакомительного отрывка
Купить книгу