Фауст» – чуқур драматизм ва психологизмларга тўлиқ, архитектоникаси ғоят мураккаб асар. Гётедай даҳо ижодкорнинг тенгсиз тафаккур кучи бунёд этган мазмунан ва шаклан буюк асарни таржима қилиш фақат айтишга осон. Бу янглиғ шоҳ асарлар мутаржимдан чуқур билим, кенг қамровли тафаккур тарзи, улкан салоҳият, сўз бойлиги, қунт-сабот ва кучли иштиёқ талаб этади. Шу маънода мутаржим Эркин Воҳидов «Фауст» таржимасига бағишлаб ёзган кириш мақоласида таржимаолди қалб кечинмаларини шундай изоҳлайди: «Мен «Фауст”ни жуда улкан қасрга ўхшатаман. Унинг умум қурилмасидан тортиб, ҳар бир нақшигача абадият учун мукаммал қилиб яратилган. Ахир Гёте каби улуғ ва заҳматкаш даҳо бу асарни олтмиш йил ёзган! Ўн беш минг мисрага яқин бу мўъжизани инсоният тарихининг мағзи дейиш мумкин… Рости, ҳаяжонландим. «Фауст”дек қаср устунларидан ўзбек заминида тикланадиган иншоот содда ва жўн бўлиб қолмайдими, деган андишани қилдим…» (Ўша нашр, 3-4-бетлар.)
Қарангки, «Фауст”дек ҳайбатли тафаккур қасри устунлари қаршисида андишага борган Э. Воҳидов ўзининг қудратли таржимонлик салоҳияти билан ўзбек заминида улкан сўз иншооти бунёд эта олди! (Асар русчадан таржима қилинган) Даҳо мутафаккирнинг бадиий тафаккури жозибасини сақлай олди; ички, ботиний оламини, таҳайюл кенгликларини очиб беришга муваффақ бўлди; асарнинг полифоник хусусиятини ўзбек тилида акс эттира олди. «Фауст» таржимаси муваффақиятлари калити ҳақида сўзласак, таржимон эътироф этганидек, «Гётенинг Шарқ фалсафасига яқинлиги менинг йўлимниёритиб турди, руҳимга мадад бўлди…» (Ўша китоб, 4-саҳифа.)
Чиндан ҳам, жаҳон адабиётининг чуқур билимдони бўлган Й.В.Гёте Оноре де Бальзак, Виктор-Мари Гюго, Дени Дидро, Франсуа-Мари Аруэ Вольтер, Жорж Гордон Байрон каби жаҳоншумул сиймоларнинг дурдона асарларини узлуксиз мутолаа қилиш баробарида Шарқ адабиётига ҳам мурожаат этган. Манбалардан маълумки, Хожа Ҳофиз девонини мутаржим Жозеф фон Ҳаммер Бургстал ўгирмасида мутолаа этган Гёте фавқулодда кучли таъсир оғушида қолади ва Ҳофиз орқали бутун Шарққа чексиз муҳаббат боғлайди; у руҳ ва ижод манбаи сифатида Жалолиддин Румий, Абулқосим Фирдавсий, Муслиҳиддин Саъдий Шерозий, Умар Хайём, Хожа Ҳофиз Шерозий каби Шарқ адабиётининг буюк сиймолари ижодини қунт билан ўрганади. Шу тариқа «Ғарбу Шарқ девони» деб аталмиш бадиий ганжина дунёга келади.
Айтиш жоизки, «Фауст» асарида гавдаланган мифологик образлар – илоҳлар, маъбудлар, афсонавий қаҳрамонлар, ғаройиб махлуқот ва мавжудотлар борлиқ, тараққиёт фалсафасини ўзида мужассам этади; мазкур символик образлар фонида башариятнинг асрий муаммолари, чигал зиддиятлари синтезлашиб зуҳур этади. Бу ҳақда таржимон ўз «Изоҳлар”ида шундай ёзади: «Гёте дунё тараққиётини тўла гавдалантириш мақсадида бўлса керак, энг қадимги Ҳинд (грифлар), Миср (сфинкслар) мифологияси яратган махлуқотлардан сўнг кейинроқ тараққий қилган Юнон мифологиясига ўтади…» (Ўша нашр, 522-бет.)
Қадимги юнон мифологиясидан олинган уч илоҳа – Аглая, Гегелона ва Ефросина ҳаёт гўзаллиги рамзи бўлса, фуриялар, яъни бузғунчи қасоскор илоҳалар – Алекто, Тизифона ва Мегера, худди шунингдек, даҳшатли, ёвуз хотинлар – чўлоқ, ажина хотин Эмпуза, боши аёллар бошига ўхшаш қуш бўлган гарпиялар, жодугар аёл Эрихто ва Ламиялар ёвузлик, қабоҳат тимсолларидир. Афсонавий қаҳрамон Геракл маҳв этган мис қанотли, одамхўр Стимфалида қушлари, тўққиз бошли даҳшатли Лерней аждарлари ҳам ҳаётдаги ёвузлик ва қабоҳат тимсолларидир. Родос тельхинлари эса, илму ижод, яратиш ва бунёдкорлик тимсолидир. Юнон мифологиясидаги денгиз пири Форкиснинг уч қизи, ғоят бадбашара Форкиадалар ҳаётдаги хунуклик, жисман ва маънаван мажруҳлик рамзидир. Асарнинг иккинчи қисм, биринчи фасл, «Ниқоб базми”да юнон афсонасининг қаҳрамонларини чақирган церемонимейстер мақомидаги Герольд фурияларни шундай таништиради:
«Бу гўзал қизларни фуриялар деб,
Балки бирор кимса қилмайдир гумон.
Аммо сўзлашсангиз яқинроқ келиб —
Билурсиз – бу ҳурлар илондир, илон».
(229 бет.)
Ёки айтайлик, бузғунчи, қасоскор илоҳалардан бири Мегера ҳаётдаги асл мақсадини шундай ифода этади:
«Кимки бир-бирига дўсту ёр бўлур,
Кимки бир-бирига азиз меҳрибон,
Уларга кун йўқдир мендан ҳеч қачон,
Асмодей ёнимда мададкор бўлур».
(230 бет.)
Ҳа, ҳаётда аҳил-иноқ, бир-бирига азиз, меҳрибон, дўсту ёр бўлган оилаларга бузғунчи Мегералардан кун йўқ. Мегераларнинг мададкори ҳам – оилаларга бузғунчилик ва талафот келтирувчи иблис Асмодейдир.
Читать дальше