Асар ҳақида фикр-мулоҳазаларимизни давом эттирсак, Фауст – эзгулик, тараққиёт, адолат курашчиси сифатида бўй кўрсатса, Мефистофель, аксинча, нурли ҳаёт душмани, тараққиёт кушандаси сифатида бор бўй-басти билан намоён бўлади. Фауст – бутун мавжудиятида ҳаётсеварлик, табиатга, тирикликка поёнсиз муҳаббат ҳислари жўш ураётган хилқат; Мефистофель – башарий тамаддун ёви, зулм-залолат тимсолидир.
«Ул инсон бахтликим, бу зулмат аро
Ҳидоят йўлини излар дамо-дам.
Аён нарсалардан фойда йўқ асло,
Сирлар дунёсига интилар одам»,
— дейди Фауст шогирди Вагнер билан суҳбат асноси. (Йоҳанн Вольфганг Гёте. «Фауст». «Янги аср авлоди», Тошкент – 2015, 48-бет.) Модомики, Фауст бутун борлиғи билан тараққиёт сари, сирлар дунёси сари интилади; ҳаёт куйчиси Фауст қалбидаги эзгу инсоний туйғулар сарҳад билмас орзулар билан ҳамоҳанг:
«Не учун, не учун йўқ менда қанот?
Қуёшнинг кетидан қувлашиб учсам,
Алвон шуълаларга чўмиб борлиғим,
Юксак тоғлар узра этсаму парвоз,
Ҳам соф ирмоқларга бўлолсам ҳамроз,
Ҳис этсам қуш каби бахтиёрлигим».
(Ўша нашр, ўша саҳифа.)
Равшан англашилиб турганидек, ҳаётсеварлик, эзгулик, жумла олам тартиботига меҳр-муҳаббат туйғулари доктор Фаустнинг қалб меҳваридир. Вагнернинг ҳам устози каби орзулари мўл. Лекин унинг ҳаваслари бошқа, ўзгача. Унинг дилини на ўрмон, на кўл банд этади; қуш бўлиб учмоқ ҳам муроди эмас.
« Кўнглим тилагидир хаёл парвози,
Юрагим дардига китобдир малҳам.
Китоб ўйларимнинг ёлғиз ҳамрози,
Унга ошинодир кечаларим ҳам.
Қувончдан осмонда учарман агар
Қўлга тушиб қолса нодир бир асар».
Англашиладики, Вагнер тимсолида Гётенинг бой руҳий-маънавий олами бўй кўрсатади. Китобга буюк муҳаббат, мутолаага ташналик – эзгу фазилат.
Мефистофель, аксинча, нурли ҳаёт кушандаси, тамаддун ёви сифатида доктор Фауст билан илк тўқнашув жараёнида ўзининг инкор руҳи эканлигини талқин этади:
«Мен инкор руҳиман, инкор қилишни
Касб қилиб олганман – коинот абас,
Тангри не яратмиш бари керакмас,
Барини йўқотмоқ истагим-сўзим
Хуллас, сиз ёмонлик дея атаган —
Бузиш беомонлик дея атаган
Куч – менинг ўзим».
(Ўша китоб, 57-бет.)
Шу тариқа Мефистофель Фаустни йўлдан оздириш, қалбига эга чиқиш мақсадида турли йўлларга бошлаб боради. Дастлаб Лейпцигдаги Ауэрбах ертўласига бошлаб киради ва у ерда кайф-сафо билан машғул бўлган Фрош, Брандер, Зибель ҳамда Альтмайер каби улфатлар кўз ўнгида ғаройиб нағма-жодулар кўрсатади. Сўнгра икковлашиб «Алвастининг ошхонаси”га ташриф буюришади; у ерда алвасти кампир косага шароб қуйиб, Фаустга тутқазади. Мефистофелнинг асл мақсади – Фауст қалбини севги-муҳаббатга тўлдирмоқ. Фауст шайтоннинг афсуни билан навқирон йигитга айланиб, кўзига «Еленадек соҳиби жамол» бўлиб кўринган Маргарита (Гретхен) исмли халқ орасидан чиққан содда қизга ошиқу шайдо бўлиб қолади. Фауст билан учрашган Маргарита ҳам оромини тамом йўқотади. Бир-бирига кўнгил боғлаган ошиқ-маъшуқлар вақти-вақти билан учрашиб, қўл ушлашиб боғда сайр қилиб юришади; севги-муҳаббат мавзусида узоқ суҳбатлар қуришади. Кун келиб ораларида фарзанд дунёга келади. Лекин қаҳри қаттиқ, мутаассиб руҳонийлар жазосидан қўрққан боёқиш Маргарита боласини сувга чўкдириб юборади. Оқибат, машъум сирдан воқиф бўлган черков ходимлари шўрлик Маргаритани кишанбанд этиб, зиндонга ташлайдилар. Изтироблар оташида қовурилаётган Фауст Гретхенни зиндондан халос қилиш мақсадида тун маҳали Мефистофель ҳамроҳлигида қора тулпорларда ҳибсхона томон елиб боришади. Бироқ аёлни қутқариш йўлидаги саъй-ҳаракатлар зое кетади, чунки кучли руҳий изтироблар юрагини пора-пора қилган шўрлик аёл ақлидан озиб қолганди. Ҳолбуки, Маргарита ким кўзига кўринса, жаллод деб ўйлаб, талвасага тушади. Фаустни ҳам қатл қилгани келган жаллод деб ўйлаб, ёнидан ҳайдайди. Фауст эса, зўр бериб ўзини танитишга, англатишга уринади. Шунда ҳам Маргарита ўз маҳбубини таниб-таниёлмайди. Фақат чуқур ҳам-андуҳга ботиб, нола чекади:
«Мен ўлдириб қўйдим онамни,
Сувга отдим туққан боламни.
У фарзандинг эди сенинг ҳам,
У келтирди толе эмас, ғам».
(193 бет.)
Надоматлар бўлсинким, ўз ошиғи васлига етиш ниятида телбавор ҳаракатлар қилиб, волидасини уйқу дори бериб ҳалок этган, ўзи туққан фарзандини сувга улоқтириб нобуд қилган муҳаббат асираси, шўрлик Маргарита энди тақдир қаршисида энг шафқатсиз жазоларга мустаҳиқ. Алоҳа, қисматидаги кўргуликларни содда юраги кўтара олмаган Маргарита фожиали тарзда ҳалок бўлади. Бу жудоликдан руҳан қаттиқ изтироб чеккан Фауст ғам-аламлар оташида қовурила бошлайди. Мана, у роҳатбахш оқшом чоғида гул-гиёҳлар очилган бир далада ётибди. Вужуди ҳорғин, кўзлари мудроқ, лекин юраги нотинч. Атрофида кичкина руҳлар қўшиқ айтмоқда; майин сабо эсган паллада Ариэль Сабо арфаси (Эоль арфаси) нинг оҳанги остида куйламоқда:
Читать дальше