Коббалистик афсонада ёзилишича, Лилит Одам Атонинг Момо Ҳаводан олдинги хотини бўлган экан. Эмишки, Лилит Одам Атодан дунёга келган фарзандларини битта қўймай ўлдирган ва шу сабабдан ҳайдалган экан…
Бироз чекиниш қилиб айтиш жоизки, Доктор Фауст ва Мефистофель ҳақидаги ривоят ва афсоналарнинг туб замини немис халқ оғзаки ижоди билан боғлиқ. Шу баробар, Европа халқлари орасида ҳам донишманд ва адолатпарвар, ҳар ишда омилкор Доктор Фауст ҳақидаги машҳур ривоятлар сақланган. XVI асрда яшаб ўтган машҳур инглиз драматурги Кристофер Марло 1588—1589 йилларда яратган «Доктор Фаустнинг фожиавий ҳаёти ва вафоти тарихи» номли фожиасига немисча Фауст ҳақидаги халқ китоби асос бўлган. Шунингдек, Фауст ҳақидаги афсонадан ижодий фойдаланган немис маърифатпарвар ёзувчиси, драматург Фридрих Клингер 1791 йилда ўзининг «Фауст ҳаёти, аъмоли ва жаҳаннамга қулаши» номли романини яратди. Мазкур роман Маҳкам Маҳмудов ва Абдунаби Абдулқодировлар томонидан ўзбек тилига таржима қилиниб, «Жаҳон адабиёти» журнали 2014 йил сонлари саҳифаларида эълон қилинган. Кристофер Марло трагедияси ва Фридрих Клингер романидан фарқли равишда, Гёте ижод этган «Фауст» фожиасида Фауст образи умуминсоний мақомга кўтарилади.
«Фауст”да икки қарама-қарши куч – эзгулик ва ёвузлик курашади. Зеро, энг сирли тилсимот бўлган инсон қалби, ботинида ҳам икки куч – яхшилик ва ёмонлик ўзаро курашади. Асар қаҳрамони Доктор Фауст илм-фан ва ақл-идрок ёрдамида борлиқ, табиат сир-асрорларини тушуниш учун интилади; чин инсоний ҳузур-ҳаловат, руҳий-маънавий қаноатни илму ижодда, бунёдкорона меҳнатда кўради. Ҳаёт ва тараққиёт душмани шайтон Мефистофелнинг асл мақсади эса инсон ботинидаги ижобий куч – яхшиликни маҳв этиб, ёмон ва қинғир йўлларга буриб юбориш. Арши аълода иблис Мефистофель Тангри билан Фауст тўғрисида мунозарага киришади. Мефистофель фикрича, абадул-абад азоб-уқубатда яшашга маҳкум этилган инсон коиноти азимда ожиз бир нарса. Зеро, иблис коинот ва табиат сир-асрорларини илм-фан ва ақл-идрок кучи билан билиб олишга интилаётган Фаустга шубҳа назари билан қарайди. Суҳбат чоғида агар Тангри ваколат берса, ундан инсонни тортиб олажагини, уни бир йўлга солажагини айтади. Фаустни нафс бандасига айлантириб, қинғир йўлларга бошлай олишини комил ишонч билан айтади. Инсонга ақл-заковат ато этганини нотўғри йўл ҳисоблаб, Тангрига таъна қилади:
«Инсон – коинотда кичкина Худо,
Шундай яралган у азал ибтидо».
(Й.В.Гёте, «Фауст». «Янги асар авлоди», Тошкент – 2015. 17 бет.)
Тангри эса, ўз қарашида мутлақо ҳақ: инсон гоҳида адашиб-улоқиб, азоб-уқубатда яшаса ҳам, алал-оқибат, тинимсиз изланиш ва қидиришлар натижасида кўзланган камолот чўққиси томон дадил интилаверади. Тангри жавобан, инсон тирик экан, Мефистофель уни синаб кўришини, изланиш бор ерда адашиш ҳам борлигини айтади. Шайтоннинг нияти ҳам маълум: у Фаустни нурли йўлдан чалғитиб, қинғир йўлларга етакламоқчи; нафсини қўзғаб, гуноҳ ишларга ғарқ қилмоқчи.
Шундай қилиб, Тангри инсонни Мефистофель ихтиёрига топширди: қани, ҳар қанча тубанлик бўлса, бошласин, инсон унга қанчалик эргашар экан! Лекин Мефистофель Тангри билан гаровда баҳсни сўзсиз бой бермадимикин?
«Сен гаровни сўзсиз бой бердинг, аён,
Зулматдан йўл топиб чиқолур инсон.
Унга чироқ бўлур мен берган идрок».
(Ўша нашр, 19 саҳифа.)
Лекин Мефистофелнинг ўзига мутлоқ ишончи комил: у одамзодни таслим этиб, тупроққа қориштириб, барбод қилмоқчи. Тангри шайтонга шундай жавоб беради:
«Инсон табиати уйқуга мойил,
Сен унга қутқу сол, туртиб тур доим.
Атрофида айлан, қўзғат эрта-кеч ,
Ҳар замон бедор тут, ором берма ҳеч».
(Ўша саҳифа)
Алоҳа, иблис Мефистофелга илм-маърифат ва комиллик рамзи, энг пок руҳ ҳисобланган авлиё-руҳоний Фаустни йўлдан уриш, чалғитиш ҳақи берилади…
Хуллас, шайтон Фауст билан ҳам гаров ўйнайди. Гаров шартига кўра, агар Фауст дунёдаги нафсоний лаззатлардан қаноатланса, шайтон ғолиб чиққан ҳисобланади ва инсон унга ўз жонини беришга рози:
«Майли, қўлни бер!
Агар мен бир онни улуғлар бўлсам,
«Тўхта, эй сония!» – деб айтсам агар,
Сенинг тутқунингман майли ўша дам,
Сен сайёд бўлурсан – овга муяссар.
Ихтиёр сеники бўлур у кунда,
Менинг ихтиёрим – ҳукмингни кутмоқ.
Тўхтасин умримнинг соати шунда,
Мен учун чалинсин сўнгги қўнғироқ ».
(69 бет.)
Эзгулик ва ёвузлик, адолат ва қабоҳат кураши зўр маҳорат билан тасвирланган «Фауст» фожиаси – том маънодаги инсон фалсафасидир. Асарда гавдаланган турли-туман тимсоллар Гётенинг ғоявий мақсадидан келиб чиқиб, маълум маънода фалсафий юк ташийди. Асарнинг иккинчи фаслида олам яралиши хусусида қадимги юнон файласуфлари Анаксагор ва Фалес ўзаро қизғин баҳс-мунозарага киришади. Анаксагор: «Ўт, вулқондан бўлди тоғ бунёд», – деб ўз қарашларини илгари сурса, Фалес: «Сувдан келиб чиқади ҳаёт», – дея, ўз қарашларида собит туради. Моҳиятан олиб қарасак, бу икки файласуф орасидаги баҳс-мунозара воситасида нептунизм тарафдори бўлган файласуф Гёте бу борада ўзининг олам яралиши хусусидаги геологик қарашларини ифода этади…
Читать дальше